date

ЦСКА таркиби ёш ва иқтидорли бразилиялик билан бойиди

ЦСКА таркиби ёш ва иқтидорли бразилиялик билан бойиди
Россиянинг машҳур футбол клуби ЦСКА ёш бразилиялик иқтидор эгаси — Матеус Алвесни ўз сафига қўшганини расман маълум қилди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.

Малум қилинишича, 20 ёшли ярим ҳимоячи билан тузилган шартнома 2030 йилнинг ёзигача амал қилади. У "армиячилар" жамоасида 7-рақамли либосда ҳаракат қилади. Бу рақам ЦСКА тарихида кўплаб афсонавий ўйинчилар билан боғлиқ бўлган ва энди ушбу рақамни Алвес ҳимоя қилади.

Трансфер нархи ҳам мухлислар ва таҳлилчилар эътиборини тортди — ЦСКА футболчи учун 6 миллион евро тўлаган. Шунингдек, келишувга кўра, келажакда Алвес бошқа клубга сотилса, "Сан-Паулу" клуби ўша сумманинг 25 фоизини олади. Бу ҳолат футболчига бўлган ишонч ва ундан катта даромад кутилаётганини кўрсатади.

Алвес — Бразилиянинг таниқли клуби "Сан-Паулу" академияси тарбияланувчиси. У асосий таркибдаги илк учрашувини жорий йилнинг январь ойида ўтказган бўлиб, қисқа фурсат ичида асосий жамоада ўз ўрнига эга бўлишга улгурди. 2025 йилги мавсумда у барча мусобақаларда жами 25та учрашувда қатнашиб, 4 та гол урди ва 5 та ассист билан жамоасига ёрдам кўрсатди.

Алвес жорий ҳафтада ижтимоий тармоқларда "Сан-Паулу" билан самимий хайрлашув постини жойлаштириб, янги босқич сари йўл олишини билдирган эди. Унинг ЦСКАда қандай ўйин намойиш этиши барча учун қизиқ.

Эслатиб ўтамиз, ЦСКА 2024/25 мавсумда Россия Премьер-Лигасида бронза медалига сазовор бўлган. Янги мавсум олдидан жамоа ўз сафини ёш ва кучли футболчилар билан мустаҳкамлашни давом эттирмоқда.

Алвеснинг келиши билан ЦСКАнинг ҳужумкор салоҳияти янада ошиши кутилмоқда. Унинг техникаси, дриблинги ва майдондаги фаол ҳаракатлари рус мухлисларини ўзига қаратиши мумкин.

ЦСКАнинг бу трансфери клубнинг келажакка инвестиция сифатида қараётганини кўрсатади. Янги мавсумда Матеус Алвеснинг ҳаракатлари нафақат Россияда, балки халқаро саҳнада ҳам муҳокама марказига айланиши мумкин.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » ЦСКА таркиби ёш ва иқтидорли бразилиялик билан бойиди