
Мадриднинг таниқли нашри — As газетаси томонидан ўтказилган сўров натижалари мухлислар орасида қизғин баҳс ва тортишувларга сабаб бўлди. Унга кўра, “Реал” жамоасининг асосий вингерларидан бири Винисиус Жуниор билан шартнома узайтиришни мухлисларнинг катта қисми маъқулламайди, деб хабар берди as.com.
Аниқ рақамларга тўхталадиган бўлсак, сўровда иштирок этган футбол ишқибозларининг 72 фоизи бразилиялик ҳужумчи билан янги келишув имзоланишига қарши эканини билдирган. Бу эса кўпчиликда савол туғдирди: нега шунча йилдан бери жамоа учун тер тўккан футболчи бундай муносабатга дуч келмоқда?
Эътиборли жиҳати шундаки, Винисиус 2018 йилдан буён “Реал” жамоасида тўп суриб келмоқда. Унинг амалдаги шартномаси 2027 йилгача тузилган бўлса-да, мухлислар орасида унинг келажаги борасида ишонч камайгани кўзга ташланмоқда.
Ўтган мавсум Винисиус 58 та расмий учрашувда иштирок этди. Ушбу ўйинларда у жамоаси учун 22 та гол киритди ва 19 та голли пас муаллифига айланди. Бундай кўрсаткичлар ҳар қандай вингер учун яхши деб баҳоланса-да, мухлислар бундан рози эмасдек.
Айрим спорт таҳлилчилари Винисиуснинг тушкун формаси, баъзи ўйинлардаги пассив ҳаракатлари, майдонда кўпроқ индивидуал ҳаракатларга урғу бериши ва рақибларга нисбатан асабий муносабати унга нисбатан танқидларга сабаб бўлганини таъкидламоқда. Шунингдек, баъзи мухлислар унинг ўйин услуби жамоавий тактикага унча мос келмаслигини таъкидлашмоқда.
Шу билан бирга, бразилиялик футболчининг шахсий ҳаёти, майдондан ташқаридаги хатти-ҳаракатлари ва матбуотдаги чиқишлари ҳам “Реал” ишқибозлари учун муҳим рол ўйнаётганини унутмаслик керак. Жамоа анъанавий тартиб ва интизомни қадрлайди — бунинг учун "Сантьяго Бернабеу" да ҳамиша юқори талаблар қўйилади.
Ҳозирча клуб раҳбарияти расмий баёнот бермаган. Аммо мухлислар орасидаги бундай кайфият клуб учун ҳам, футболчи учун ҳам жиддий сигналдир. Агар вазият шу ҳолда давом этса, Винисиуснинг келажаги “Реал”да эмас, балки бошқа клубда давом этиши эҳтимолдан холи эмас.
Футбол дунёсида барчаси ўзгарувчан. Мухлислар кайфияти, жамоа сиёсати ва футболчининг шахсий позицияси — буларнинг барчаси унинг тақдирини белгилаб бериши мумкин. Шу боис, Винисиус атрофидаги вазиятни кузатиш давом этмоқда. Мадридда севги ҳам, танқид ҳам тез алмашади.
Бaлки, Винисиус учун ҳам, "Реал" учун ҳам янги йўллар яқиндир. Мухлислар эса ўз сўзини айтишда давом этаверади. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар