date

Хаби Алонсодан кескин қарор: "Реал" афсонаси захирага ўтказилди

Хаби Алонсодан кескин қарор: "Реал" афсонаси захирага ўтказилди

"Реал Мадрид" жамоасининг бош мураббийи сифатида фаолиятини яқинда бошлаган Хаби Алонсо ўзининг илк жиддий ва масъулиятли қарорларини қабул қилишни бошлади. Испаниядаги "E-Noticies" нашри тарқатган маълумотларга қараганда, у жамоа афсонаси ва узоқ йиллар давомида асосий таркибнинг ажралмас қисми бўлган сардор Дани Карвахалга нисбатан кескин қарор қабул қилган.

Маълумотларга кўра, мураббий энди Карвахалга асосий таркибда кафолат берилмаслигини билдирган. Яъни, тажрибали футболчи ҳар бир ўйин учун курашишга тайёр бўлиши керак бўлади.

33 ёшли Даниэл Карвахаль узоқ йиллар давомида “Реал”нинг ўнг қанотида ишончли устунлардан бири сифатида тан олинганди. Жумладан, ўтган мавсумнинг куз ойларига қадар у кўплаб экспертлар ва мухлислар томонидан ўз позициясида дунёдаги энг нуфузли футболчилардан бири сифатида баҳоланарди. Бироқ жароҳатдан сўнг унинг жисмоний ҳолати ва ҳаракатлар динамикаси аввалги даражада бўлмаётгани кузатилмоқда.

Мутахассислар фикрига кўра, айнан шу омиллар мураббийнинг қарорини шакллантирган. Энди Карвахалга захира ўриндиғида ўтиришгача тайёр туриш тавсия қилинмоқда, бу эса у учун жуда катта синов бўлиши мумкин.

Хаби Алонсо эса унинг ўрнига "Ливерпуль" ва Англия терма жамоаси сафида ўзига хос ўйин услуби билан танилган Трент Александр-Арнольдни асосий таркибда кўриш ниятида. Унинг техник салоҳияти, узатмалар аниқлиги ва тезкор қарор қабул қилиш қобилияти Хабининг замонавий тактик қарашларига тўлиқ мос келади.

Алонсо жамоадаги рақобатни ошириш ва натижани яхшилаш мақсадида айнан шундай қарорларга боришга мажбур бўлганини маълум қилган. Шу билан бирга, у Дани Карвахални ҳали ҳам муҳим футболчи сифатида кўраётганини ҳам тан олган, фақат энди у ўз ўрнини доимий тарзда сақлаб қолиш учун янада кўпроқ меҳнат қилиши талаб этилади.

Карвахалнинг захирага ўтиши нафақат жамоа мухлислари, балки футбол жамоатчилиги орасида ҳам қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. “Реал” тарихида ўз номини муҳрлаб қолдирган футболчининг келажакда қандай қарор қабул қилиши ҳам алоҳида қизиқиш уйғотмоқда. У бу ҳолатни қабул қилиб, рақобатга тайёрланадими ёки бошқа йўлни танлайдими — буни вақт кўрсатади.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Хаби Алонсодан кескин қарор: "Реал" афсонаси захирага ўтказилди