Ўзбекистон миллий терма жамоасининг энг етук ва умидли юлдузлари — Элдор Шомуродов ҳамда Аббосбек Файзуллаев сингари футболчиларни ўз таркибига қўшиб олган “Истанбул Башакшеҳир” учун янги мавсум жуда эрта ва жиддий форматда бошланди.
Туркиянинг машҳур жамоаси Европа майдонларига қайтиб, УЕФА Конференциялар лигаси саралаш босқичида иштирокини бошлаб улгурди.
Биринчи синовдан муносиб ўтган “Башакшеҳир” мураббийи Чағдаш Атан бошчилигидаги жамоа Болгариянинг “Черно Море” клубини икки учрашувда — 1:0 ва 4:0 ҳисобида мағлубиятга учратишга муваффақ бўлди. Бу натижалар жамоанинг янги мавсумга жиддий тайёргарлик билан кириб келганини кўрсатди.
Навбатдаги рақиб: “Викинг” ва синтетик майдон синови
Эндиликда турк клубини янада кучли рақиб — Норвегиянинг “Викинг” жамоаси кутмоқда. Ушбу учрашув 7 август куни Тошкент вақти билан соат 22:00 да старт олади.
Беллашув арафасида журналистлар билан суҳбатда жамоа устози Чағдаш Атан шундай деди:
— Бу сафар биз сунъий қопламали майдонда ҳаракат қиламиз. Биз анчадан буён шундай шароитда ўйнамаганмиз ва бу биз учун осон бўлмайди. “Викинг” жисмонан бақувват, динамик ва тўпни назорат қилишни яхши кўрадиган рақиб. Бироқ биз ҳам ўз камчиликларимизни кучли жиҳатларимизга айлантириш мақсадида пухта тактик режа туздик.
Атаннинг таъкидлашича, жамоа руҳан тайёр, футболчилар сўнгги дақиқаларгача майдонда фидойилик билан ҳаракат қилишга шай.
— Биз шиддат билан курашамиз, жанговор кайфиятда майдонга тушамиз. Айрим вазиятларда эса, ақл билан ҳаракат қилиш зарур. Истанбулга қайтишдан олдин ижобий натижа қайд этиш — асосий мақсадимиз, — деди у.
Аббосбек Файзуллаев майдонда кўринмадими? Сабаби бор...
Турк оммавий ахборот воситалари ва мухлислар катта қизиқиш билан кузатаётган Аббосбек Файзуллаев масаласи ҳам эътибор марказида. Чағдаш Атан бу борада аниқ тушунтириш берди:
— Файзуллаев машғулотларда ўзининг юқори салоҳиятини намойиш этди. Лекин трансфер бўйича ҳужжат ишлари ҳали тўлиқ якунланмагани боис, у “Викинг”га қарши баҳсда иштирок этолмаслиги мумкин. Агар барча расмийлаштириш ишлари вақтида тугаса, эҳтимол жавоб ўйинида ундан фойдаланамиз, — дея аниқлик киритди мураббий.
Янги қўшилган юлдузлар ва трансфер тафсилотлари
“Истанбул Башакшеҳир” бу ёзда ўз таркибини жиддий тарзда янгилашга қарор қилди. Элдор Шомуродов “Рома” клубидан бир йиллик ижара асосида жамоага қўшилди ва келишув шартларига кўра, кейинчалик тўлиқ трансферга айланиши мумкин.
Аббосбек Файзуллаев эса Туркия клубининг катта инвестицияси сифатида қайд этилмоқда — ЦСКА билан келишувга кўра, у учун 7,5 миллион евро тўланган. Шу билан бирга, 21 ёшли футболчи “Башакшеҳир” билан тўлиқ беш йиллик шартнома тузди.
Истанбулнинг шиддатли европаликлари орасида ўзбек изи
Туркия Суперлигасида ўтган мавсумни бешинчи ўринда якунлаган “Башакшеҳир” янги мавсумда нафақат ички чемпионатда, балки халқаро майдонда ҳам юқори натижалар кўрсатишга интилаяпти. Ва шубҳасиз, бунда Шомуродов ва Файзуллаев сингари ўзбек юлдузлари муҳим рол ўйнайди.
Янги қаҳрамонлар тарихга қайси ўйинда кириб келади? Жавоб — яқин кунларда, Европа саҳналарида!
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!