Профессионал футбол оламида ўзининг юқори даражадаги тўпурарлик маҳорати билан катта обрў қозонган Ҳарри Кейн яна бир муҳим қадам остонасида турибди. “Тоттенҳэм” сафида узоқ йиллар давомида майдонларда ёрқин ўйин кўрсатган ва кейин “Бавария” таркибида ҳам ҳужумда етакчига айланган инглиз форвардининг кейинги йўналиши Испания Ла Лигаси бўлиши эҳтимоли тобора ортиб бормоқда.
Ишончли манбалар хабар беришича, “Барселона” раҳбарияти 2026 йил ёзги трансферлар ойнаси даврида Кейнни ўз таркибига қўшиб олиш ниятида. Бу тасодифий қарор эмас — клуб бир неча мавсумдан бери тажрибали ҳужумчига қизиқиш билдириб келади.
Маълумотларга кўра, Ҳарри Кейннинг “Бавария” билан тузган шартномасида 2026 йилнинг ёз фаслида жамоасини ўзгартириш имконини берувчи махсус банд мавжуд. Каталонияликлар айнан шу имкониятдан фойдаланиб, трансферни амалга ошириш режасини тузишган.
32 ёшли Кейн “Тоттенҳэм” сафида ўтган йиллар давомида кўплаб голлар урганига қарамай, клуб билан катта совринларга эришолмаганди. Бироқ ўтган мавсумда у “Бавария” сафида Бундеслига чемпиони бўлиб, ўз карьерасидаги катта бўшлиқни ёпишга муваффақ бўлди. Унинг мюнхенликлар билан амалдаги шартномаси 2027 йил 30 июнига қадар давом этади.
Ҳарри Кейннинг шахсий статистикаси ҳам мухлисларни ҳайратга солади. Клублар даражасидаги фаолияти давомида у жами 610 та расмий учрашувда майдонга тушиб, 392 та гол урган ва 105 та ассист берган. Англия миллий терма жамоасида эса, 107 та ўйинда рақиблар дарвозасини 73 марта ишғол қилган.
Агар бу эҳтимолий келишув амалга ошса, “Барселона” ҳужум чизиғи янада кучаяди ва клуб Ла Лигада ҳам, Европа майдонларида ҳам рақиблар учун жиддий таҳдидга айланиши мумкин. Мухлислар эса, бу жараённи катта қизиқиш ва ҳаяжон билан кузатмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!