Ўзбекистон миллий жамоаси учун янги бош мураббий излаш жараёни қизиқарли босқичга кирди. Football-Asian тарқатган маълумотларга кўра, Португалия ва Жанубий Корея терма жамоалари собиқ мураббийи Паулу Бенту асосий номзодлардан бири сифатида кўрилмоқда.
Маълумки, Ўзбекистон футбол ассоциацияси 2026 йилда юртимиз тарихида илк бор Жаҳон чемпионатига чиқиб, бу жараёнда жамоани етаклай оладиган тажрибали мураббий қидирмоқда. Аввалроқ 2014 йилдаги мундиал ғолиби Йоахим Лёв билан боғланилган, аммо немис мутахассис Тошкентнинг жиддий таклифини рад этди. Шунингдек, Туркия футболи афсонаси Фотиҳ Терим ҳам рўйхатдан ўрин олганди, бироқ ҳозирча у кўндирилмаган.
Эътибор марказига эса 56 ёшли португалиялик мутахассис – Паулу Бенту чиқди. У клуб ва миллий жамоалар миқёсида катта тажрибага эга. Бенту 2005 йилдан мураббийлик фаолиятини “Спортинг”да бошлаб, кейинчалик Бразилиянинг “Крузейро”, Грециянинг “Олимпиакос” ва Хитойнинг “Чунцин Лифан” клубларида иш олиб борган.
2010–2014 йиллар оралиғида эса Португалия терма жамоасини бошқариб, Евро-2012 мусобақасида ярим финалга олиб чиққан. Кейинчалик Жанубий Корея билан Жаҳон чемпионати–2022 финал босқичига чиқиш орқали Осиё футболида катта ҳурмат қозонди. Сўнгги йилларда БАА термасига раҳбарлик қилди.
Нашрнинг ёзишича, яқин ҳафталар музокаралар учун ҳал қилувчи босқич бўлиши мумкин. “Бенту Марказий Осиёнинг етакчи байроқдори бўлган Ўзбекистон чақириғини қабул қиладими-йўқми ҳали аниқ эмас. Аммо унинг номзодлар рўйхатида пайдо бўлишининг ўзи ҳам мамлакатнинг катта амбициясидан далолат беради”, — дейилади хабарда.
Шу тариқа, Ўзбекистон миллий жамоаси олдида янги саҳифа очилиши мумкин. Бентунинг қароридан келгуси йўналиш аниқланади ва бутун мамлакат футбол мухлислари бу жараённи катта қизиқиш билан кузатмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!