Болгариянинг пойтахти София шаҳрида ўсмирлар ўртасидаги дзюдо бўйича Жаҳон чемпионатига старт берилди. Мусобақанинг илк куниёқ Ўзбекистон терма жамоаси ажойиб натижа қайд этиб, 3 та олтин медални қўлга киритди. Бундай муваффақиятли бошланиш жамоамиз тарихида ҳалигача кузатилмаган эди.
Айниқса, қизларимиздан бири — Дилафрўз Болтабоева 10 йиллик танаффусдан сўнг тарихга кирди. У Диёра Келдиёровадан кейин ўсмирлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида ғолиб чиққан иккинчи ўзбекистонлик дзюдочи қиз сифатида ёдга олинди. Бу натижа нафақат шахсий, балки миллий спортимиз тарихида ҳам муҳим саҳифа бўлиб қолди.
Олтин медаллар эгалари:
— -40 кг: Дилафрўз Болтабоева
— -50 кг: Хушнуд Султонов
— -55 кг: Хушнуд Бурхонов
Муттахассислар таъкидлашича, шундай кучли бошланиш терма жамоамиз учун катта туртки бўлиб хизмат қилади. Чунки мусобақа ҳали олдинда давом этади ва яна янги ғалабаларга умид катта.
Мухлислар эса дзюдочиларимизнинг келгуси кунлардаги иштирокини катта қизиқиш ва интиқлик билан кутмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!