date

«Пахтакор» тарбияланувчилари учун 432 миллион сўмлик қарор чиқди

«Пахтакор» тарбияланувчилари учун 432 миллион сўмлик қарор чиқди

Жорий йилнинг 12 августи куни Ўзбекистон футбол ассоциацияси қошида фаолият юритувчи футболчиларнинг мақоми ва ўтишлари билан шуғулланувчи қўмита навбатдаги йиғилишини ўтказди. Мазкур йиғилишда ўз вақтида «Пахтакор» академиясида тарбияланган бир қатор футболчилар масаласи кўриб чиқилди. Бу ҳақда ЎзПФЛ матбуот хизмати расман маълумот берди.

Маълумотга кўра, муҳокамада «Пахтакор» клубининг собиқ шогирдлари — Отабек Боймуродов («Бухоро»), Шаҳзодбек Раҳматуллаев («Қизилқум»), Абубакир Ашуров («Андижон»), Диёрбек Тўлабоев («Нефтчи») ва Муҳриддин Фазлиддинов («Хоразм») юзасидан машғулот компенсацияси бўйича даъволар кўриб чиқилган.

Қўмита қарорига мувофиқ, ушбу футболчилар билан биринчи марта профессионал шартнома тузган клублар (қавс ичида кўрсатилган) «Пахтакор» жамоасига умумий ҳисобда 432 миллион сўм миқдорида тўлов амалга ошириши белгиланди.

Футбол Лигаси «Пахтакор» томонидан ўз академиясидан етишиб чиққан футболчилар орқали белгиланган тартибда компенсация ишлаб олиш бўйича олиб борилган ташаббусларни юқори баҳолади. Шу билан бирга, бошқа клубларга ҳам мурожаат қилинди: ҳар бир жамоа ўз академиясида ўсиб келаётган футболчиларнинг ҳужжатларини тўғри ва ўз вақтида расмийлаштириши зарур. Чунки, агар тарбияланувчи кейинчалик бошқа клуб билан илк профессионал шартномани имзоласа, тарбиялаган клуб компенсация талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади.

Бу қарор нафақат «Пахтакор», балки бутун миллий футбол тизимида академиялар фаолиятининг аҳамияти ва тўғри йўлга қўйилган ишларнинг қанчалик муҳим эканини яна бир бор намоён этди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » «Пахтакор» тарбияланувчилари учун 432 миллион сўмлик қарор чиқди