“Барселона”нинг тажрибали ҳужумчиси Роберт Левандовски Англия Премьер-лигаси клубларининг трансфер сиёсати ва улар сарфлаётган улкан маблағлар ҳақида ўзига хос фикр билдирди.
37 ёшли поляк форварднинг таъкидлашича, Англия клублари кўп ҳолларда ҳали ўзини тўлиқ намойиш қилиб улгурмаган футболчиларга улкан маблағ сарфлайди. Унга кўра, айрим ўйинчилар бор-йўғи бир мавсум ёки ярим йил давомида ўнта гол урса ҳам, уларга 60-70 миллион евро таклиф этилади.
– Англия клублари ҳатто тўлиқ синовдан ўтмаган футболчиларни ҳам катта суммаларга сотиб оляпти. Агар сен ёш бўлсанг ва олти ойда ўнта гол киритсанг, шубҳасиз, қандайдир клуб сени 60 ёки 70 миллион еврога харид қилади. Илгари эса, футболчи ҳақиқий ютуқларга эришиши талаб этиларди. Ҳозир эса, сарфланаётган маблағларга ўйинчининг ҳақиқий сифати мос келадими ёки йўқ – ҳеч ким аниқ билмайди, – деди Левандовски.
Польшалик тўпурар ўзининг бой фаолияти давомида асосан Германия чемпионатида ўйнади ва у ерда катта ютуқларга эришди. Фақат 2022 йилда “Барселона”га келган ҳужумчи ҳеч қачон Англия Премьер-лигасида майдонга тушмаган.
Левандовскининг бу фикрлари Англия клублари амалга оширишаётган катта сарфлар ҳақида кенг муҳокамаларни янада кучайтириши шубҳасиз.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!