Бокс оламида катта шов-шувга сабаб бўлган Сауль “Канело” Альварес ва америкалик чемпион Теренс Кроуфорд ўртасидаги тўқнашув нафақат рингда, балки молиявий майдонда ҳам тарихий воқеа бўлди.
“Happy Punch”нинг маълум қилишича, жангдан иккиси жами 200 миллион доллар даромад кўрди. Бу кўрсаткич UFC ташкилотининг 2025 йилдаги барча жангчиларига тўланадиган умумий 210 миллион доллар маошига деярли тенг. Яъни бир кечадаги бокс даромади бутун йиллик UFC пул тақсимотидан кам эмас.
14 сентябрь куни Лас-Вегасда бўлиб ўтган ушбу жангда Кроуфорд тарихий ғалабага эришди. У “Канело”ни мағлуб этиб, мутлақ жаҳон чемпиони унвонини қўлга киритди. Бу натижа унинг номини профессионал бокснинг энг буюкларидан бири сифатида янада мустаҳкамлади.
Мутахассислар бу жангни “молиявий блокбастер” деб аташди. Чунки билетлар нархи, телевидение ҳуқуқлари ва рекламалардан тушган маблағлар улкан суммага айланди. Миллионлаб мухлислар жонли равишда ушбу тўқнашувни кузатиш учун пул тўлади ва бу бокснинг ҳали ҳам UFCдан кўра даромадлироқ соҳа эканини кўрсатди.
“Канело”нинг мағлубиятига қарамасдан, у катта пул ишлаб олди. Шу билан бирга, Кроуфорд нафақат тарихий унвонни, балки улкан молиявий мукофотни ҳам қўлга киритди.
Бу ҳолат яна бир бор дунёдаги икки спорт тури — профессионал бокс ва аралаш жанг санъати (MMA) ўртасидаги молиявий тенгсизликни намоён этди. Бокс ҳануз энг катта пул айланадиган спорт сифатида ўз нуфузини сақлаб турибди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!