Бразилия футболи тарихида ўчмас из қолдирган, «Барселона», «ПСЖ» ва «Милан» каби машҳур клубларда тўп сурган афсонавий яримҳимоячи Роналдинио яна катта саҳнага қайтиб келади. Журналист Дани Хилнинг (COPE) маълумот беришича, у 2025 йилги «Олтин тўп» совринини топшириш маросимида иштирок этади ва энг нуфузли индивидуал совринни шахсан ғолибга топширади.
Тантанали тадбир 22 сентябрь куни Парижнинг «Шалт» театрида ўтади. Бу йилги маросимда Роналдиниога бундай масъулиятли ва шарафли вазифа юкланиши бежиз эмас. Чунки айнан шу йили афсонавий футболчи «Олтин тўп» совринини қўлга киритганига 20 йил тўлади.
«France Football» журнали Роналдиниони ушбу ролга танлаб, ўзига хос рамзий йўл тутди. Чунки у футбол майдонидаги маҳорат ва бетакрор услуби билан нафақат ўз даврининг, балки бутун тарихнинг энг йирик юлдузларидан бири сифатида ном қозонган.
Эътиборлиси, 2022 йилдан бери соврин тақдимоти йил тақвими асосида эмас, балки мавсум якунлари бўйича ўтказилмоқда. Бу сафар ҳам ғолиблар 2024 йилнинг 1 августидан 2025 йилнинг 13 июлига қадар бўлган натижаларга қараб аниқланади.
Роналдинионинг саҳнага чиқиши мухлислар учун алоҳида ҳаяжон ва тарихий лаҳза бўлиши шубҳасиз. Чунки у нафақат «Олтин тўп» эгаси сифатида, балки футболнинг энг креатив ва завқ бағишловчи юлдузларидан бири сифатида ҳам дунё спорт тарихида алоҳида ўринга эга.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!