date

Абдуқодир Ҳусановнинг жароҳати “Сити” учун жиддий синовга айланди

Абдуқодир Ҳусановнинг жароҳати “Сити” учун жиддий синовга айланди

“Арсенал”га қарши кечган баҳсда Абдуқодир Ҳусановнинг жароҳат олиши нафақат ўзбекистонлик футбол мухлисларини, балки “Манчестер Сити”нинг бутун дунёга тарқалган ишқибозларини ҳам ташвишга солди.

Англия футболи ва жаҳон оммавий ахборот воситалари Ҳусанов атрофидаги вазиятни диққат билан кузатиб келмоқда. Европа нашрлари унинг жорий мавсумдаги ўйинларига юқори баҳо бермоқда.

Европа нашрларининг Ҳусановнинг жорий мавсумдаги ўйинларига бераётган муносабатларини ўқувчилар эътиборига ҳавола этамиз.

Адам Марретт, esteemedkompany.com сайти эксперти:

“Охирги учта баҳсда Ҳусанов ўнг қанот ҳимоячиси сифатида асосий таркибда майдонга тушди. Унинг тезлиги, жисмоний куч-қуввати ва тўпга ўз вақтида ташланиши бу позиция учун асосий даъвогарга айлантирди. Афсуски, ‘Эмирейтс’ стадионидаги тўқнашувда у жароҳат олди ва ҳозир барча унинг тезроқ сафга қайтишини кутмоқда.

Биринчи бўлимда Абдуқодирнинг ўйини алоҳида эътиборга сазовор бўлди. У рақиб ҳужумчиси Леандро Троссарни деярли тўлиқ назорат остида ушлаб турди. Ҳусанов тезлиги ва ҳимояланиш маҳорати билан ажралиб турди. Троссар тезкорлик билан олдинга ҳаракатланган пайтларда ҳам Абдуқодир ўз вақтида жавоб қайтариб, тўпни мусодара қилган вазият мухлислар муҳокамасига сабаб бўлди.

Бироқ, биринчи бўлим охирида Габриэльнинг хавфли ҳаракати оқибатида Ҳусанов шикастланди ва танаффусгача ўйнаган футболчи ўрнини Матеуш Нуньешга бўшатди.

Хосеп Гвардиола унинг жароҳати жиддий эмаслигини умид билан таъкидламоқда. Чунки Ҳусанов қисқа вақт ичида жамоанинг асосий ўнг қанот ҳимоячисига айланди. Ҳимояланиш борасида у Рико Льюис ва Нуньешдан устун келмоқда. Унинг тезлиги эса “Сити” ҳимоя чизиғидаги энг муҳим омилга айланиб улгурди”.

Ҳозирча Ҳусанов қанча вақт майдондан ташқарида қолиши аниқ эмас. Аммо ҳамма унинг тикланиш жараёни тез кечишини кутмоқда.

Даррен Луни, manchestercity.news сайти эксперти:

“Қишки трансфер ойнасида ‘Ланс’дан келган Абдуқодир Ҳусанов Хосеп Гвардиола режаларида алоҳида ўрин эгаллади. Унинг 33,8 миллион фунт стерлинглик трансфери ҳозирданоқ ўзини оқлаяпти.

Ҳусанов янги мавсумни ажойиб бошлади. Премьер-лигада ‘Манчестер Юнайтед’ ва ‘Арсенал’, ЕЧЛда эса ‘Наполи’га қарши ўйинларда ўнг қанот ҳимоясидаги ҳаракатлари билан катта таассурот қолдирди.

Гвардиола унинг универсаллиги — марказий ҳимоячи бўлишига қарамай, ўнг қанотда ҳам муваффақиятли ўйнаши жамоа учун катта ютуқ эканини таъкидлади. Пепни унинг барқарор ўйини, диққатни жамлай олиши ва интилувчанлиги жуда қониқтирмоқда.

Ҳусановнинг универсаллиги уни турли тактик схемаларда қўллаш имконини беради. Илгари Жон Стоунз каби футболчиларда ҳам бундай ҳолат кузатилган. Аммо Ҳусановнинг ўйини кўпчиликка илгариги Кайл Уокернинг энг кучли даврини эслатмоқда.

Унинг жисмоний кўрсаткичлари, айниқса тезлиги, унга келажакда асосий таркибда мунтазам ўйнаш имконини тақдим этади. Абдуқодирда “Манчестер Сити”нинг энг муваффақиятли футболчиларидан бирига айланиш учун барча имкониятлар бор. Бу эса, аввало, унинг ўз меҳнати ва салоҳиятини ривожлантиришига боғлиқ бўлади”.

Шу тариқа, Ҳусановнинг жароҳати жамоа учун катта йўқотиш бўлса-да, ундан кутилган умидлар ҳам шунчалик юқори. Мухлислар эса унинг тез орада сафга қайтиб, яна кўзга кўринган ўйинлар кўрсатишини сабр билан кутмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Абдуқодир Ҳусановнинг жароҳати “Сити” учун жиддий синовга айланди