Элит Осиё Чемпионлар лигаси 2-туридан ўрин олган баҳсда Қарши шаҳридаги “Марказий” стадион гувоҳ бўлган учрашув футбол ишқибозлари кутганидек жуда шиддатли ва драматик кечди. “Насаф” ва Саудия Арабистонининг машҳур клуби “Ал-Ҳилол” ўртасидаги кескин беллашув 3:2 ҳисобида саудияликларнинг фойдасига якунланди.
Учрашувдан сўнг меҳмонлар бош мураббийи Симоне Индзаги ва жамоа ҳужумчиси Маркос Леонардо матбуот анжуманида қатнашиб, журналистларнинг саволларига жавоб қайтаришди. Улар нафақат ўйин ҳақида, балки рақиб тўғрисида ҳам ўз фикрларини билдиришди.
Симоне Индзаги сўзини миннатдорчилик билан бошлади:
— Ҳаммага раҳмат. Ўйин жуда юқори суръатда кечди. Якунда ғалабани илиб кетдик. “Насаф” ҳам ўзига яраша жуда кучли ўйин кўрсатди ва икки бор тўп киритишга муваффақ бўлди. Футболчиларимнинг яхши спорт формасида эканини алоҳида қайд этаман, — деди у.
Ундан “Насаф”ни Европадаги қайси жамоага қиёс қилиш мумкинлиги сўралди. Мураббий аниқ бир ном келтирмаса-да, қаршиликларнинг шаклланган ва тизимли тарзда ўйнаётганини эътироф этди:
— Жиддадаги илк баҳсда ҳам, бугунги учрашувда ҳам жамоа ўйини менга ёқди. “Насаф” кейинги турларда барча рақиблар учун жиддий бош оғриққа айланиши мумкин, — дея таъкидлади Индзаги.
Шунингдек, у майдон ҳолати ва муваффақиятсиз вазиятлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтди:
— Бизда жуда кўп имкониятлар бўлди, аммо барчасидан унумли фойдалана олмадик. Шу билан бирга, рақибнинг голлари тасодиф эмас, меҳнат эвазига келди. Барча муаммоларни таҳлил қиламиз.
Мураббий “Насаф” таркибидан энг кўп таассурот қолдирган футболчи сифатида дарвозабонни тилга олди:
— У бугун ўзини жуда ишончли кўрсатди, бир неча вазиятларда голни аниқ қутқариб қолди, — деди Индзаги.
Бразилиялик ҳужумчи Маркос Леонардо эса жамоанинг ўйини ва ғалаба сирини шарҳлади:
— Ҳаммага хайрли кеч. Жуда кўп имкониятлар яратдик ва якунда муҳим тўп киритишга муваффақ бўлдик. Жамоадошларим барча салоҳиятини кўрсатди ва ўйинни тўлиқ назорат қилишга ҳаракат қилди, — деди у.
Беллашувдан сўнг айни пайтда ҳар икки жамоа мухлислари учун ҳам турли ҳис-туйғулар уйғонди. “Насаф” мағлубиятга қарамай, ўз кучини намоён этди. “Ал-Ҳилол” эса мураббий Индзаги ва ҳужумчи Леонардо сўзларидагидай, ғалабага интилиш ва сўнгги дақиқаларгача бўлган курашувчанлик ҳисобига муҳим уч очкони қўлга киритди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!