Ўзбекистон терма жамоаси ҳужумчиси Игорь Сергеев Уругвайга қарши бўлиб ўтадиган баҳс олдидан журналистлар билан фикр алмашди. У сафар, иқлим ва рақиб ҳақидаги таассуротларини баён этди.
«Йўл узоқ бўлди, парвоз ҳам осон кечмади, аммо энг муҳими — етиб келдик ва жойлашиб олдик. Биринчи машғулотни ҳам ўтказдик. Энди бутун эътиборимизни Уругвайга қарши баҳсга қаратамиз», — деди у.
Сергеевнинг сўзларига кўра, рақиб таркибини “асосий” ёки “иккинчи” деб ажратиш нотўғри:
«Уругвай ёшлари ҳам юқори даражадаги футболчилар. Улар ҳам ўз жойини топиш учун ҳаракат қилади. Шунинг учун ҳар бир ўйинчида катта иштиёқ ва мотивация бўлади. Биз эса биринчи навбатда ўз тайёргарлигимизга эътибор қаратишимиз лозим. Видео таҳлиллар орқали рақибни ўрганамиз ва ўйинга тўғри ёндашамиз».
Ҳужумчи шунингдек иқлим ҳақида ҳам тўхталиб ўтди:
«Бу ердаги ҳаво иссиқ ва нам. Мен Таиландда ўйнаганман, бу иқлим менга таниш. Ҳозирги об-ҳаво яхши, ҳатто бундан-да иссиқроқ шароитда тўп сурганман. Менга қийин эмас, лекин бошқа йигитларга қандай таъсир қилишини билмайман».
Сергеев сўзларини хулоса қилар экан, жамоа тайёргарлиги яхши кетаётганини таъкидлади ва ўйинда барча кучини майдонда сарфлашга ваъда берди.
Манба: championat.asia
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!