Англиянинг “Манчестер Сити” клубида фаолият юритаётган ўзбек футболчиси Абдуқодир Ҳусановнинг жароҳатидан кейинги ҳолати борасида янги маълумотлар пайдо бўлди, деб ёзди cityxtra.co.uk.
Маҳаллий фанатлар ёш ҳимоячининг майдонга тезроқ қайтишини кутмоқда. Илк хабарларда унинг жароҳати енгил даражада экани айтилган бўлса-да, тикланиш жараёни кутилганидан кўра узоқроқ давом этмоқда. Хосеп Гвардиола аввалроқ Ҳусанов атиги учта учрашувни ўтказиб юбориши мумкинлигини билдирганди.
Бироқ воқелик бошқача бўлди — 21 ёшли ҳимоячи нафақат бу муддатни, балки икки ҳафтагина давом этган халқаро танаффусни ҳам ўтказиб юборди. Бу орада клубнинг тиббий хизмати унинг ҳолатини назорат остида ушлаб турибди.
18 октябрь куни “Манчестер Сити” “Эвертон”га қарши майдонга тушиши кутилмоқда. Аммо жамоанинг икки муҳим фигураси — Родри ва Абдуқодир Ҳусановнинг бу баҳсда иштирок этиши ҳозирча катта савол остида. Гвардиола шогирдлари халқаро танаффусдан сўнг машғулотларни бошлаган бўлса-да, икки футболчи ҳам жамоавий тайёргарликда қатнашмаган.
MailSport мухбири Жек Гоганнинг ёзишича, Родри ва Ҳусанов “Сити”нинг умумий гуруҳ машғулотларига қўшилмаган ва уларнинг “Эвертон”га қарши баҳсда майдонга тушиши эҳтимоли паст. Шу билан бирга, Sky Sports эксперти Бен Рэнс Ҳусанов ҳозирча фақат индивидуал машқлар билан чекланиб, жисмоний юкламаларга аста-секин қайта мослашаяпти, дея маълум қилди.
Бу ҳолат Гвардиолани жиддий ташвишга солган. Айниқса, Родрининг йўқлиги “Манчестер Сити”нинг марказий зонасидаги барқарорликни издан чиқармоқда. Ҳусанов эса ҳимоя чизиғида жамоа учун муҳим ўринни эгаллаб келаётганди. Унинг ўтган мавсум охиридаги ишончли ўйинлари ва тез мослашувчанлиги мураббийлар штаби томонидан юқори баҳоланган.
Клубдаги вазият ҳақида фикр билдирган esteemedkompany.com сайти таҳлилчиси Адам Марретт ёзишича, Хосеп Гвардиола ҳар икки футболчининг тикланиш жараёнини шахсан кузатмоқда. “Сити”нинг илк машғулотларида Райан Айт-Нури ва Умар Мармуш жамоага қўшилган бўлса, Родри ҳамда Ҳусанов ҳали ҳам тўлиқ формага кириш учун вақтга муҳтож.
“Бу икки футболчининг йўқлиги жамоа тактикасини қайта кўриб чиқишни талаб қилади. Агар тиббий гуруҳ уларнинг “Эвертон”га қарши баҳсда ўйнашига рухсат бермаса, Гвардиола мажбур равишда янги схема синовидан ўтади”, — деб ёзди журналист Фредди Пай.
Гвардиола эса 21 ёшли Ҳусановни клубнинг узоқ муддатли лойиҳасида асосий бўғин сифатида кўради. Мутахассислар унинг соғлом ҳолатга қайтганидан сўнг ҳимоянинг ўнг қаноти ва марказида рақобатни кучайтиришини кутишмоқда.
Абдуқодир Ҳусанов бу мавсумда фақат жароҳатлар сабабли узоқ вақт ўйин амалиётидан четда қолди, аммо уни клуб ҳам, ишқибозлар ҳам катта умид билан кутмоқда — у “Манчестер Сити”нинг келажагига қўшиладиган ёш ва салоҳиятли номлардан бири сифатида эътироф этилган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!