Суперлиганинг 26-турида «Бухоро» ўз уйида «Сўғдиёна»ни 2:0 ҳисобида мағлуб этган ўйиндан кейин жиззахликлар бош мураббийи Иван Бошкович матбуот анжуманида иштирок этиб, беллашув ҳақида очиқ ва танқидий фикрлар билдирди, деб хабар берди championat.asia.
«Бугун биз жуда кучсиз ўйин намойиш этдик, айниқса биринчи бўлимда. Ҳаводаги курашларда ютқаздик, майдон марказини ҳам бой бердик. “Бухоро” узун тўплар орқали ҳужумларни яхши йўлга қўйди, биз эса уларга қарши ҳаракатда кечикдик. Фақат иккинчи бўлимдагина бироз ўзгариш бўлди, сифатли ўйин кўрсатдик, аммо бу гол уриш учун етарли бўлмади. Биринчи бўлимдаги ҳимоядаги хатолар эса бизга жуда қимматга тушди», — деди Бошкович.
Мураббийдан жамоа ўйини Жасур Жалолиддиновга боғлиқми, деган савол сўралганда у шундай жавоб берди: «Баъзан айтишади — “фақат Дориев ўйнаяпти”, ҳозир эса “фақат Жасур” дейишмоқда. Лекин “Сўғдиёна” бир футболчидан иборат жамоа эмас. Биз жамоавий тарзда ҳаракат қиламиз. Аммо тан олиш керак, бугун кўп футболчиларимиз майдонда ўзини кўрсата олмади. Буни чуқур таҳлил қилишимиз керак. Уч йилдан буён жиззахда фаолият юритаман, шунча вақт ичида илк марта шундай паст даражадаги ўйинни кўрдим. Мен учун бу жуда аламли мағлубият бўлди».
Бошкович шунингдек, рақибни ҳам муносиб баҳолади: «“Бухоро” жуда яхши ўйнади, уларни ғалаба билан табриклайман. Агар бу жамоа ҳар доим шундай ҳаракат қилса, ўз майдонида ҳар қандай рақибни мағлуб эта олади. Биз эса бугун агрессив футбол кўрсата олмадик. Ҳеч нарса чиқмади. Бу ҳолатни жамоа сифатида таҳлил қилиб, хулоса чиқаришимиз шарт».
Суҳбат давомида мутахассис Кубок финали ҳақидаги фикрини ҳам билдирди:
«Финал — бу ҳар доим алоҳида муҳитга эга ўйин. У ерда фаворит йўқ. Ҳатто куч жиҳатидан заиф кўринган жамоа ҳам битта ўйинда ғалаба қозониши мумкин. “Бухоро” — жанговор жамоа, улар финалда ҳам жиддий кураш кўрсатади деб ўйлайман. Ҳар икки жамоага ҳам омад тилайман», — деди бош мураббий.
Иван Бошковичнинг бу баёнотидан сўнг жиззахлик мухлислар жамоа олдида жиддий хулосалар кутаётганини билдиришди. Мағлубиятдан кейинги танқидий фикрлар ва мураббийнинг очиқ чиқиши, эҳтимол, «Сўғдиёна»даги ички муҳитни тиклаш ва кейинги турларда ўйинни яхшилаш учун янги туртки бўлади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!