date

Ўзбекистон U-17нинг шов-шувли ғалабасига ОФКдан қандай муносабат бўлди?

Ўзбекистон U-17нинг шов-шувли ғалабасига ОФКдан қандай муносабат бўлди?

Қатарда бўлиб ўтаётган 17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги жаҳон чемпионати қизғин паллага кирди. Мусобақанинг навбатдаги кунида 8 та гуруҳ баҳси бўлиб ўтди ва бу беллашувлар орқали плей-офф иштирокчилари аниқланди.

Осиё шарафини ҳимоя қилаётган учта мамлакат — Ўзбекистон, Саудия Арабистони ва Тожикистон ўз гуруҳларидаги сўнгги ўйинларини якунлади. Улар орасида қитъа чемпиони Ўзбекистонгина ғалаба қозониб, плей-офф босқичига йўл олишга муваффақ бўлди, деб хабар берди the-afc.com.

Саудия Арабистони ва Тожикистон терма жамоалари ўз баҳсларида мусобақани ғалаба билан якунлай олишмади — саудияликлар Малига, тожик футболчилари эса Буркина-Фасога бир хил 0:2 ҳисобида мағлуб бўлди.

Шунингдек, Исломбек Исмоилов бошчилигидаги Ўзбекистон ўсмирлар термаси “J” гуруҳидаги ҳал қилувчи баҳсда Панамага қарши майдонга тушиб, 6:1 ҳисобида йирик ғалабани қўлга киритди. Бу натижа орқали жамоа нафaқат плей-офф босқичига йўлланмани таъминлади, балки Осиё футболи шарафини муносиб ҳимоя қилди.

Осиё футбол конфедерацияси расмий сайти ўзбек ёшларининг ғалабасини алоҳида таъкидлаб, шундай ёзди:
“Ўзбекистон футболчилари Қатарда бўлиб ўтаётган жаҳон чемпионатида плей-офф босқичига ишончли тарзда йўл олди. Ёрқин ва таъсирли ўйин намойиш этган ўзбеклар Панама устидан 6:1 ҳисобида зафар қучди.”

Беллашувнинг биринчи бўлими анча эҳтиёткорлик билан ўтди. Рақиблар эҳтиёткор ўйинни танлади, бироқ Панама 32-дақиқада пенальти ишлаб топган эди. Аммо ўзбек дарвозабони Иброҳим Шокиров ўз маҳоратини кўрсатиб, Эстевис Лопеснинг 11 метрлик зарбасини қайтаришга муваффақ бўлди. Бу лаҳза учрашувнинг бурилиш нуқтаси бўлди.

Иккинчи бўлим бошланиши билан Ўзбекистон жамоаси ташаббусни қўлга олди. 48-дақиқада Абубакр Шукуруллаев рақиб дарвозасини ишғол қилиб, ҳисобни очди. Бу гол жамоага куч ва ишонч бағишлади. Кейинчалик Садриддин Ҳасанов, Сайфиддин Содиқов, Жамшидбек Рустамов ва Асилбек Алиев биттадан тўп киритишди, сўнг Абдусамад Саидов пенальтини аниқ ижро этиб, ҳисобни 6:0га етказди.

Учрашувнинг қўшилган вақтларида панамалик Жозеф Пачеко жамоаси шарафини сақлаб қолувчи ягона голни киритди — 6:1. Бу натижа Ўзбекистон учун тарихий ғалаба сифатида қайд этилди.

Гуруҳнинг иккинчи баҳсида Ирландия Парагвай билан 0:0 ҳисобида дуранг ўйнади ва шу натижа орқали пешқадамликни сақлаб қолди. Парагвай эса энг яхши кўрсаткичга эга бўлган учинчи ўринли жамоалар қаторидан плей-оффга чиқди.

Ўзбекистон ўсмирлар термаси энди мусобақанинг кейинги босқичида Европанинг кучли жамоаларидан бири — Хорватияга қарши куч синашади. Хорватлар “С” гуруҳини 7 очко билан якунлаган ва жуда жисмоний, техник жамоа сифатида баҳоланмоқда.

Мураббий Исломбек Исмоилов учрашувдан кейинги изоҳида шундай деди:
“Йигитлар ишонч билан ҳаракат қилди, ҳар бири Ватан шарафини юксакда ушлаш учун жон фидо қилди. Бу ғалаба биз учун илҳом манбаи. Аммо асосий йўл ҳали олдинда — плей-оффда янада кучли рақиблар кутиб турибди.”

Ўзбекистон термаси учун бу ғалаба фақат бир ўйин натижаси эмас, балки миллий футболимиз ривожидаги муҳим босқичдир. Ёшларимиз ҳар бир учрашувда янги тажриба орттириб, ўз маҳоратларини дунёга намоён этмоқда.

Эндиликда барча диққат 14 ноябрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон – Хорватия баҳсига қаратилган. Мухлислар миллий жамоадан яна янги ғалаба ва янги тарих кутишмоқда — чунки бу ёшлар жаҳон саҳнасида ўз номларини ёзмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Код ноаниқ бўлса, расмни янгилаш учун устига босинг
Янгиликлар » Спорт » Ўзбекистон U-17нинг шов-шувли ғалабасига ОФКдан қандай муносабат бўлди?