
Футбол мухлислари ассоциацияси (FSA) Европа мухлислари ассоциацияси (FSE) билан ҳамкорликда 2026 йилги Жаҳон чемпионати чипталарини сотишни вақтинча тўхтатиш талабини илгари сурди. Улар ФИФА билан чипта нархлари сиёсати юзасидан очиқ ва адолатли музокаралар олиб боришни мақсад қилмоқда.
FSA ўз баёнотида FSE ташаббусини тўлиқ қўллаб-қувватлашини маълум қилиб, Англия Футбол Ассоциациясини ҳамда бошқа миллий федерацияларни бу масалада фаол позиция эгаллашга чақирди. Ассоциация фикрича, ҳар бир миллий футбол ташкилоти энг аввало ўз мухлисларининг манфаатини ҳимоя қилиши шарт, чунки футбол айнан мухлислар борлиги сабаб мавжуд.
Айниқса, «мухлислар учун фойдали» деб белгиланган энг арзон чипталар атрофидаги баҳслар кескин тус олди. FSA бу атамани ўртача даромадга эга мухлислар учун очиқдан-очиқ ҳақорат, деб баҳолади. Кўплаб ишқибозлар ўзларини алдангандек ҳис қилаётганини, АҚШ, Канада ва Мексикада бўлиб ўтадиган мундиалга бориш имкониятидан маҳрум қолишлари мумкинлигини билдирмоқда.
Мухлислар фикрича, Жаҳон чемпионати бутун дунё футбол ишқибозларини бирлаштириши лозим эди, аммо ҳозирги вазиятда у фақат катта маблағга эга бўлганлар ва элита қатлами учун мўлжалланган тадбирга айланиб қолмоқда. FSA таъкидлашича, футбол тобора оддий мухлис учун ёпиқ бўлиб бормоқда.
Маълумот учун, ЖЧ-2026 финал учрашуви учун энг арзон тоифадаги чипталар нархи 4185 АҚШ долларидан бошланиши эълон қилинган. Бу эса миллионлаб футбол мухлислари учун мундиални жонли томоша қилиш орзусини деярли амалга ошмас ҳолга келтирмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.