
Грузия футболида сўнгги мавсумда энг барқарор ва самарали ўйин намойиш этган ярим ҳимоячилардан бири — Александре Андроникашвили келаси мавсумни Ўзбекистон чемпионатида ўтказади. 26 ёшли футболчи “Андижон” клуби билан расмий шартнома имзолаб, Суперлигада фаолият олиб боришга қарор қилди.
Маълумотларга кўра, ўтган мавсум “Дилагори” сафида ажойиб ўйин кўрсатган Андроникашвили Грузия чемпионатидаги энг яхши марказий ярим ҳимоячилардан бири сифатида эътироф этилган. Унинг Ўзбекистонга кўчиб ўтиши ҳақида журналист Нарзулла Сайдуллаев хабар берди.
Қизиғи шундаки, бу трансфер тасодифий қарор эмас. Аввалроқ “Андижон” бош мураббийи айнан Андроникашвилининг ўйинини яқиндан кузатиш мақсадида Грузия кубоги финалига шахсан боргани ҳақида маълумот тарқалган эди. Демак, футболчи узоқ вақт давомида селекция рўйхатида бўлган.
Статистикага назар ташласак, Александре жорий мавсум барча мусобақаларда жами 42 та учрашувда майдонга тушиб, 12 та гол ва 4 та голли узатма муаллифи бўлган. Марказда ҳам, ҳужумга уланишда ҳам фойдали ҳаракат қилган футболчи “Андижон” учун жиддий куч бўлиши кутилмоқда.
Қисқаси, “Андижон” мухлислари янги мавсум олдидан сифатли ва тажрибали легионерга эга бўлди. Энди навбат — унинг Суперлигада қандай порлашини кўришда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.