date

Президент ёш параспортчиларнинг тарихий ғалабасини юксак баҳолади

Президент ёш параспортчиларнинг тарихий ғалабасини юксак баҳолади

15 декабр куни йўлланган расмий табрикда Президент V Ёшлар Параосиё ўйинларида улкан муваффақият қайд этган спортчилар, уларнинг устоз-мураббийлари ҳамда ота-оналарини чин дилдан қутлади. Давлат раҳбари мазкур натижани мамлакат спорт тарихидаги муҳим воқеалардан бири сифатида таърифлади.

Таъкидланишича, Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида ўтган нуфузли мусобақада Осиёнинг 35 давлатидан 1 минг 500 нафардан зиёд спортчи иштирок этди. Ана шундай кучли рақобат муҳитида ўзбекистонлик ёш параспортчилар жасорат, матонат ва юксак тайёргарлик намоён этиб, ҳақиқий қаҳрамонлик кўрсатди. Президент табригида бу ютуқ Ўзбекистон паралимпия ҳаракати тарихида яна бир ёрқин ва фахрли саҳифа очгани алоҳида қайд этилди.

Маълум қилинишича, Ўзбекистон терма жамоаси мусобақа давомида 99 та олтин, 57 та кумуш ва 41 та бронза медалини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида Осиё қитъасида мутлақ пешқадам бўлди. Қувонарлиси, турнир кунларида Ўзбекистон давлат мадҳияси қарийб 100 марта янграб, юрт байроғи энг баланд поғоналарда ҳилпиради.

Табрикда пара пауэрлифтинг бўйича айрим спортчилар жаҳон ва Осиё рекордларини янгилагани, пара енгил атлетиканинг бир қатор йўналишларида эса барча медаллар тўплами Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келгани алоҳида эътироф этилди. Бу натижалар мамлакатда параспорт соҳасида олиб борилаётган тизимли ислоҳотлар самарасини яққол намоён этмоқда.

Президент шунингдек, юртимизда паралимпия ҳаракатини янада ривожлантириш мақсадида махсус қарор қабул қилинганини эслатди. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимида Адаптив спорт турлари ассоциацияси, “Матонат мактаби” ҳамда мутахассислар тайёрлаш институти фаолияти йўлга қўйилгани таъкидланди. Бугунги кунда адаптив спорт йўналишлари 89 тага етказилиб, маҳаллаларда ушбу спорт турлари билан мунтазам шуғулланувчилар сони 45 минг нафардан ошган.

Якунда давлат раҳбари ёш параспортчиларга мустаҳкам соғлиқ, келгуси фаолиятларида улкан омад ва янги зафарлар тилаб, уларнинг ғалабалари бутун халқ учун илҳом манбаи эканини қайд этди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » Президент ёш параспортчиларнинг тарихий ғалабасини юксак баҳолади