
ПСЖ бош мураббийи Луис Энрике Қитъалараро кубок финалида жамоасига чемпионлик олиб келган учрашувдан сўнг дарвозабон Матвей Сафоновнинг ўйинига алоҳида тўхталди. Парижликлар Бразилиянинг «Фламенго» клубига қарши кечган муросасиз беллашувда асосий вақтни 1:1 ҳисобида якунлаб, пенальтилар сериясида 2:1 ҳисобида ғалаба қозонган эди.
Учрашувнинг энг ҳал қилувчи палласи пенальтилар серияси бўлди. Айнан шу ерда Матвей Сафонов ҳақиқий қаҳрамонга айланди — у рақибнинг тўртта зарбасини қайтариб, ПСЖга тарихий совринни тақдим этди. Эътиборлиси, россиялик дарвозабон мавсум давомида асосий таркибда деярли ўйин амалиётига эга бўлмаган эди.
Луис Энрике шогирдининг руҳий тайёргарлиги ва профессионал муносабатини алоҳида таъкидлади:
— Биз мавсум бошидан бери майдонга тушмаган футболчининг ҳам қай даражада тайёр эканини кўрдик. Бу жамоа учун жуда муҳим сигнал. Футболчилар исталган пайтда жамоага ёрдам беришга тайёр экани мени қувонтиради, — деди испаниялик мутахассис.
Мураббий Сафонов нафақат сейвлари, балки характерини ҳам намойиш этганини қайд этди:
— Матвей бугун фақат профессионаллигини эмас, балки кучли характерини ҳам кўрсатди. Бизда уч нафар юқори савияли дарвозабон борлиги — ПСЖ учун катта бойлик, — дея қўшимча қилди Энрике.
Шу тариқа, Сафонов финалдаги ишончли ҳаракатлари билан мураббийлар штаби ва мухлислар ишончини оқлади. Бу ғалаба нафақат ПСЖ учун навбатдаги соврин, балки жамоадаги ҳар бир футболчининг аҳамияти катта эканини яна бир бор исботлади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.