
Ўтган мавсумдаги қийин даврдан кейин "Манчестер Сити" раҳбарияти 2025 йилни катта трансферлар билан қарши олган эди. Қишки ойнада “шаҳарликлар” жиддий сармоя киритиб, Абдуқодир Ҳусанов, Витор Рейс, Нико Гонсалес ва Умар Мармушни таркибга қўшди. Бу қарор клубнинг янги босқичга ўтиш ниятидан дарак берарди.
Тўрт футболчи орасида фақат энг ёши кичик Витор Рейс тажриба орттириш мақсадида ёзда "Жирона"га ижарага юборилди. Қолган уч нафар эса асосий жамоада сақланиб қолди ва Хосеп Гвардиола улардан вазиятга қараб фойдаланмоқда.
Англия футболига мослашиш жараёнида бу ўйинчиларга бошқа клублар ҳам эътибор қарата бошлади. Илгарироқ Ҳусановга "Ланс" ва "Ливерпуль" томонидан қизиқиш бўлгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Энди эса ижтимоий тармоқларда ишончли инсайдер сифатида танилган The Real Tolmie’s Hairdoo манбаси Умар Мармуш атрофида янги миш-мишларни тарқатди. Унга кўра, 26 ёшли мисрлик ҳужумчига АПЛнинг яна бир вакили — "Тоттенхэм" жиддий қизиқиш билдирмоқда. Лондон клуби Мармушни ҳужум чизиғини кучайтириш учун муносиб вариант деб ҳисоблаётгани айтиляпти.
Эслатиб ўтиш жоиз, "Манчестер Сити" Мармушни қишда Бундеслиганинг "Айнтрахт" жамоасидан 75 миллион евро эвазига олиб келган. Бироқ у ҳозирча жамоада асосан Эрлинг Холанд ортида қолиб кетмоқда.
Жорий мавсумда Мармуш барча мусобақаларда 15 та ўйинда иштирок этиб, биттадан гол ва ассист қайд этди. Бу кўрсаткич суперклуб ҳужумчиси учун кам ҳисобланади ва унинг ҳали жамоада ҳал қилувчи фигурага айланиб улгурмаганини кўрсатади.
Футболчининг “Сити” билан амалдаги шартномаси 2029 йил ёзигача амал қилади. Transfermarkt портали эса унинг бозор қийматини 65 миллион евро атрофида баҳоламоқда. Энди энг қизиқ савол — Мармуш ўз ўрнини “Сити”да топадими ёки янги чақирувни қабул қиладими? Мухлислар жавобни сабрсизлик билан кутмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.