
Мадриднинг "Реал" клубида бош мураббийлик масаласи яна кун тартибига чиқди. Агар Хаби Алонсо жамоани тарк этса, унинг ўрнига асосий номзод сифатида Алваро Арбелоанинг номи тилга олинмоқда.
ESPN нашрининг ёзишича, Алонсонинг «қироллик клуби»даги келажаги ҳанузгача аниқ эмас. Манбаларга кўра, яқинлашиб келаётган Испания Суперкубоги турнири мураббий учун мавсумдаги энг ҳал қилувчи синовлардан бири бўлади. Айнан ушбу мусобақадаги натижалар Алонсонинг тақдирига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.
Клуб ичидаги манбалар эса эҳтимолий алмашув вариантини аллақачон муҳокама қилмоқда. Уларга кўра, ҳозирда Алваро Арбелоа жамоа ичида энг реал номзод сифатида кўрилмоқда. Айни пайтда у «Реал»нинг иккинчи жамоаси — «Кастилья»га бош мураббийлик қилмоқда ва ёшлар билан ишлашда ижобий натижалар кўрсатиб келяпти.
Арбелоа клуб тизимини ичи-ичидан биладиган мутахассис ҳисобланади. У нафақат «Реал»нинг собиқ футболчиси, балки клуб анъаналари, талаблари ва босимли муҳитидан яхши хабардор шахс сифатида раҳбарият ишончига сазовор бўлиб улгурган.
Маълумот учун, «Реал» ҳозирда Ла Лига турнир жадвалида 18-турдан кейин 42 очко жамғариб, иккинчи ўринни эгаллаб турибди. Олдинда жамоани яна бир жиддий синов кутиб турибди — Испания Суперкубоги яримфиналида мадридликлар "Атлетико"га қарши майдонга чиқади.
Қисқаси, яқин ҳафталар «Реал» учун нафақат трофейлар, балки мураббийлик келажаги нуқтаи назаридан ҳам ҳал қилувчи бўлиши мумкин. Арбелоанинг исми эса тобора жиддий сценарийга айланиб бормоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.