
Англия Премьер-лигасининг 18-тури доирасида бўлиб ўтган баҳсда "Ливерпуль" ўз майдонида "Вулверхэмптон"ни 2:1 ҳисобида мағлуб этди. Ушбу учрашув “қизиллар” мухлислари учун нафақат навбатдаги ғалаба, балки жамоа ҳужумкор ярим ҳимоячиси Флориан Вирц учун ҳам алоҳида аҳамият касб этди. Немис футболчиси “Ливерпуль” сафида расмий ўйинларда илк бор рақиб дарвозасини ишғол қилди.
Учрашувдан кейин Вирц ўз ҳис-туйғуларини яширмади. Унинг таъкидлашича, гол уриши масаласи вақт масаласи эди. Футболчи ўз ўйинига ишонган ва бу албатта рўй беришини олдиндан ҳис қилган.
Вирцнинг сўзларига кўра, у илк кунларданоқ голлар ва голли узатмалар билан жамоага кўпроқ фойда келтиришни истаган. Бироқ футболда ҳамма нарса дарҳол келиб чиқавермайди. Шунга қарамасдан, у сабр билан ишлашда давом этган ва охир-оқибат меҳнат ўз самарасини берган.
Ушбу ўйинда “Ливерпуль” биринчи бўлимни жуда фаол ва ишончли ўтказди. Жамоа тўп назоратида устунлик қилди, ҳужумда эса ўткирлик етишмади, дейиш мумкин. Иккинчи бўлимда айрим лаҳзаларда ўйин ритми йўқолган бўлса-да, “қизиллар” ўзини қўлга олиб, яна ташаббусни қўлга киритди. Вирцнинг голи айнан шу босимнинг мантиқий якунига айланди.
Футболчи жамоадаги умумий муҳитга ҳам алоҳида урғу берди. Унинг фикрича, ҳар бир ўйинчи майдонда бор кучини бермоқда, бир-бирини қўллаб-қувватламоқда. Мана шу жипслик “Ливерпуль”ни турнир жадвалининг юқори поғоналарига олиб чиқяпти.
Вирц шуни ҳам қайд этдики, мавсум боши жамоа учун осон кечмаган. Бироқ аста-секинлик билан ўйин йўлга қўйилди, очколар тўпланяпти ва энг муҳими — ишонч ортиб бормоқда. “Биз айнан шу йўлдан кетишни истаймиз. Мақсадимиз аниқ — жадвал тепасида бўлиш”, — дейди футболчи.
Маълумот учун, жорий мавсумда Флориан Вирц “Ливерпуль” сафида барча мусобақаларда 23 та учрашувда иштирок этиб, 1 та гол ва 4 та голли узатмани ўз ҳисобига ёздириб қўйган. Илк гол ортидан янада кўпроқ самарали ҳаракатлар кутилаётгани эса аниқ.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.