ПСЖ «Марсел» дарвозасига беш гол уриб, йирик ғалабага эришди

Франция Лига 1нинг 21-тур марказий баҳсида ПСЖ ўз майдонида «Марсел»ни қабул қилди. Учрашувда меҳмонлар деярли ҳеч нарса билан эсда қолмади ва парижликлар тўлиқ устунлик қилган ўйинда 5:0 ҳисобида ютди. Дарвозабон Матвей Сафонов эса ўз дарвозасини дахлсиз сақлаб қолди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Ўйиннинг дастлабки дақиқаларидаёқ ПСЖ босимни кучайтирди: Бредли Баркола жарима майдонига кириб, узоқ устун ёнидан хавфли зарба берди. 12-дақиқада эса Дезире Дуэ чап қанотда Нуну Мендешни ажойиб пас билан олдинга чиқариб юборди, Мендеш марказга узатди ва Усмон Дембеле бир тегинишда аниқ зарба билан ҳисобни очди — 1:0.
«Марсел» ҳам бир неча бор жавоб қайтаришга уринди: Амин Ғуйрининг яқин устун ёнидаги зарбасини Сафонов тиззаси билан қайтарди. ПСЖ яна бир неча вазиятлар яратди, бироқ меҳмонлар посбони ҳам айрим эпизодларда жамоасини қутқарди. 37-дақиқада Дембеле ўнг қанотдан жарима майдонига ёриб кириб, ўткир бурчакдан кучли зарба билан тўпни тўсин остига жойлади — 2:0.
Иккинчи бўлимда ҳам ПСЖ ҳужумлари тинмади: Невиш, Дуэ ва Баркола вазиятларни кўпайтирди, Мендешнинг узатмаларидан кейин голга яқин эпизодлар бўлди. «Марсел» сафида эса Игор Пайшаоның бош билан йўллаган зарбасини Сафонов сакраб қайтарди. Баркола ҳам бир неча бор дарвозани нишонга олди, бироқ баъзан устун, баъзан аниқлик панд берди.
64-дақиқада Жоау Невиш чап қанотдан марказга оширди, ҳимоячи Факундо Медина тўпни узатиб юбормоқчи бўлиб, уни ўз дарвозасига йўллади — 3:0. Орадан кўп ўтмай Дембеле ўнг томонда Хвича Кваратсхелиага пас берди ва у 15 метрдан бир тегинишда узоқ бурчакка аниқ зарба берди — 4:0.
74-дақиқада Сенни Майулу жарима майдонида Ли Кан-Инни топди, кореялик футболчи яқин бурчакка аниқ зарба йўллаб ҳисобни йириклаштирди — 5:0. Якунда ПСЖ бир неча марта яна дарвозани ишғол этишга яқин бўлди, Витинья ва Мендеш зарбалари тўсинга тегди. Натижада 5:0 — ПСЖ турнир жадвалида яна пешқадам, «Марсел» эса тўртинчи ўринда қолди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!