Европа Кубогида дзюдочиларимиз "порлади": Ўзбекистон 2-ўринни эгаллади

Словения пойтахти Любляна шаҳрида бўлиб ўтган дзюдо бўйича Европа Кубоги ўз якунига етди. Нуфузли мусобақа Ўзбекистон терма жамоаси учун жуда омадли кечди: йигитларимиз медаллар жамғармасини бойитиб, умумжамоа ҳисобида юқори натижа қайд этди.
Мусобақанинг иккинчи кунида ҳам дзюдочиларимиз совринсиз қолмади. -90 кг вазн тоифасида Алишер Саманов бронза медалига сазовор бўлди. Шунингдек, Муҳаммадали Тангриев ҳам шоҳсупанинг учинчи поғонасига кўтарилиб, жамоа ҳисобига яна бир бронзани қўшиб қўйди.
Шу тариқа, Алексей Будолин бош мураббийлигидаги Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси Европа Кубогини 2 та олтин ва 3 та бронза медали билан якунлади. Энг аҳамиятлиси, 44 давлат иштирок этган мусобақада терма жамоамиз умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгаллади — бу натижа ўз-ўзидан келмади, меҳнат, интизом ва характер меваси.
Биринчи кунги баҳсларда ҳам байроғимиз баланд бўлганди: Самариддин Қўчқоров (-60 кг) ва Дилшод Ҳамроев (-66 кг) чемпионликка эришиб, олтин медалларни қўлга киритган. Элбек Тожиев (-73 кг) эса бронза медали билан тақдирланган эди. Бу ҳақда Ўзбекистон дзюдо федерацияси хабар бермоқда.
Қисқаси, Люблянадаги Европа Кубоги дзюдочиларимизда форма ҳам бор, иштиёқ ҳам бор, натижа ҳам борлигини яна бир бор кўрсатди. Энди шу кайфиятни кейинги стартларга ҳам олиб ўтиш керак — чунки катта мусобақаларда айнан шу руҳ ҳал қилади.