АПЛ: Тоттенхэм кутилмаганда Кристал Пэласга имкониятни бой берди

Англия Премер-лигасининг 29-турида кутилмаган натижа қайд этилди. Лондоннинг "Тоттенхэм" клуби ўз майдонида "Кристал Пэлас"ни қабул қилиб, 1:3 ҳисобида мағлубиятга учради. Ўйин мезбонлар учун яхши бошланган бўлса-да, учрашувдаги қизил карточка вазиятни тубдан ўзгартириб юборди.
Учрашувнинг 34-дақиқасида Доминик Соланке ҳисобни очиб, "шпорлар"ни олдинга олиб чиққан эди. Бироқ, 38-дақиқада ҳимоячи Микки ван де Веннинг "охирги умид фоли" учун майдондан четлатилиши ўйин тақдирини ҳал қилди. Бир киши кам бўлиб қолган мезбонлар ҳимояси рақиб босимига дош бера олмади. Исмаила Сарр пенальтидан ва бўлим сўнгида гол уриб дубл қайд этган бўлса, Йорген Странд Ларсен ҳам ўз ҳисобига гол ёздириб қўйди.
Исмаила Сарр 8.3 рейтинг билан учрашувнинг энг яхши футболчиси деб топилди. Меҳмонлар биринчи бўлимнинг ўзидаёқ ўйин тизгинини тўлиқ ўз қўлларига олишди. "Тоттенхэм" бош мураббийи иккинчи бўлимда Ришарлисон каби футболчиларни майдонга тушириб, вазиятни ўнглашга уринган бўлса-да, ҳисоб ўзгармади. Ушбу ғалаба "Кристал Пэлас" учун жуда муҳим аҳамият касб этди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!