Англия Кубоги: «Арсенал» Мансфилдда ғалабани илиб кетди

Англия Кубогининг 5-раунди доирасида Лондоннинг «Арсенал» клуби сафарда «Мансфилд Таун» меҳмони бўлди. Кескин курашларга бой ўтган баҳсда «тўпчилар» 1:2 ҳисобида ғалаба қозониб, турнирнинг кейинги босқичига йўлланмани қўлга киритди.
Учрашувнинг 41-дақиқасида Н. Мадуэке ҳисобни очиб, меҳмонларни олдинга олиб чиқди. Иккинчи бўлим бошида, аниқроғи 50-дақиқада У. Эванс мувозанатни тиклашга муваффақ бўлди. Бироқ, 66-дақиқада Э. Эзе томонидан киритилган гол «Арсенал»га қимматли ғалабани тақдим этди.
Статистик маълумотлар ўйин давомида «Арсенал»нинг яққол устунлик қилганини кўрсатади. Лондонликлар 67 фоиз вақт давомида тўп назоратини ўз қўлида ушлаб турди ва рақиб дарвозаси томон 21 марта зарба йўллади. «Мансфилд Таун» эса 33 фоиз тўп назорати билан чекланиб, атиги 9 та зарба бера олди. Паслар аниқлиги бўйича ҳам «Арсенал» 88 фоиз натижа билан яққол устунлик қилди.
Ўйин анча қўпол тус олди. «Мансфилд Таун» футболчилари 13 марта қоида бузиб, 4 та сариқ карточка олган бўлса, «Арсенал» 6 та қоида бузиш ва 2 та сариқ карточка билан ўйинни якунлади. Гарчи мезбонлар муносиб қаршилик кўрсатишга уринган бўлса-да, «Арсенал»нинг тажрибаси ва ҳужумдаги хилма-хиллик якуний натижани ҳал қилди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!