Хулиан Альварес "Атлетико"дан кетиши мумкинлигини инкор этмади

"Атлетико Мадрид" ҳужумчиси Хулиан Алварес Чемпионлар лигаси доирасида "Тоттенхем" устидан қозонилган ғалабадан сўнг ўз келажаги борасида кутилмаган фикрларни билдирди. Аргентина терма жамоаси аъзоси кейинги мавсумда ҳам Мадрид клубида қолишига тўлиқ ишончи комил эмаслигини яширмади. Айни пайтда унга "Барселона" ва "Арсенал" каби топ жамоалар қизиқиш билдирмоқда. Бу ҳақда goal.com хабар беради.
Чемпионлар лигасининг нимчорак финалида "Атлетико Мадрид" ўз майдонида "Тоттенхем"ни қабул қилиб, 5:2 ҳисобида ишончли ғалабага эришди. Ушбу учрашувда Алварес иккита гол уриб, жамоасининг муваффақиятига катта ҳисса қўшди. Ўйиндан сўнг журналистлар унинг келажаги ҳақида савол беришганда, футболчи аниқ жавоб беришдан қочди.
"Ижтимоий тармоқларда турли хабарлар тарқалмоқда. Мен бу ерда ўзимни яхши ҳис қиляпман ва барча мусобақаларда ғалаба учун курашяпмиз. Аммо келажакда нима бўлишини ҳеч ким билмайди. Балки қоларман, балки йўқ. Ҳозирча бор эътиборимни ўз устимда ишлашга ва жамоага ёрдам беришга қаратганман", деди жаҳон чемпиони.
Хабарларга кўра, "Барселона" раҳбарияти Алваресни Роберт Левандовскининг ўринбосари сифатида кўрмоқда. Шунингдек, Англиянинг "Арсенал" ва "Челси" клублари ҳам вазиятни диққат билан кузатиб бормоқда. Гарчи "Атлетико Мадрид" президенти Энрике Серезо футболчининг сотилмаслигини ва у Диего Симеоне лойиҳасининг муҳим қисми эканлигини таъкидлаган бўлса ҳам, ҳужумчининг сўнгги баёноти турли миш-мишларни янада кучайтирди.
Эслатиб ўтамиз, 2026 йил бошидан бери гол уришда бироз оқсаётган Алварес учун "Тоттенхем" дарвозасига киритилган голлар ўзига бўлган ишончни қайтаришда муҳим аҳамият касб этди. Унинг ўзи ҳам ҳужумчи сифатида жамоага голлар ва ассистлар билан ёрдам беришни хоҳлашини алоҳида қайд этди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!