«Арсенал» Бастони учун 100 миллион евро тайёрламоқда

Италия миллий терма жамоаси ва Миланнинг «Интер» клуби етакчи ҳимоячиларидан бири саналган Алессандро Бастони ёзги трансферлар ойнасида Англия Премьер-лигасига йўл олиши мумкин. Европада ўзини исботлаган ҳимоячига қизиқиш тобора ортиб бормоқда.
Caught Offside манбаси тарқатган маълумотларга кўра, Лондоннинг «Арсенал» клуби 26 ёшли футболчини ўз сафида кўришни жиддий мақсад қилган. “Тўпчилар” ҳимоя чизиғини янада мустаҳкамлаш учун Бастонини асосий вариантлардан бири сифатида кўрмоқда.
Миланнинг «Интер» клуби раҳбарияти эса бу трансфердан катта молиявий фойда кўришни режалаштирмоқда. Манбаларга қараганда, италияликлар ўз етакчи ҳимоячиси учун тахминан 100 миллион евро атрофида маблағ талаб қилиши мумкин. Бу эса трансфер бозоридаги энг йирик келишувлардан бирига айланиши эҳтимолини оширади.
Шу билан бирга, Бастонининг «Интер» билан амалдаги шартномаси 2028 йил ўрталарига қадар амал қилади. У 2017 йилдан буён миланликлар сафида тўп суриб, жамоанинг асосий фигураларидан бирига айланган.
Жорий мавсумда ҳимоячи 33 та учрашувда майдонга тушиб, нафақат ҳимояда ишончли ўйин намойиш этди, балки ҳужумларда ҳам фаоллик кўрсатди — 2 та гол урди ва 6 марта жамоадошларига голли узатма амалга оширди.
Агар ушбу трансфер амалга ошса, «Арсенал» ҳимояси янада кучли ва барқарор тус олиши мумкин. Энди барча эътибор — музокаралар қандай кечиши ва Бастонининг якуний қарорига қаратилган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!