date

Элдор Шомуродов Туркия Суперлигасида энг кучли мавсумни ўтказмоқда

Элдор Шомуродов Туркия Суперлигасида энг кучли мавсумни ўтказмоқда

Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори ва асосий тўпурари Элдор Шомуродов профессионал фаолиятидаги энг самарали ва сермаҳсул мавсумини намойиш этмоқда.

Италиядаги фаолиятидан сўнг Туркия Суперлигасига йўл олган 30 ёшли ҳужумчи янги чемпионатга жуда тез мослашиб, ўзининг гол уриш маҳоратини изчил намоён этиб келмоқда.

Дастлаб Шомуродов “Истанбул Башакшеҳир” таркибида деярли ҳар бир турда гол киритиб, бир муддат тўпурарлар рўйхатида якка пешқадамга ҳам айланган эди. Бироқ сўнгги беш тур давомида у голсиз серияга тушиб қолди.

Бу вазиятдан фойдаланган асосий рақиб – Поль Онуачу барқарор ўйини эвазига 22 голга етди ва рейтингда олдинга чиқиб олди. Нигериялик форварднинг олти голи пенальтидан киритилгани ҳам эътиборга молик.

Бироқ Туркия Суперлигасининг 29-турида ўзбек ҳужумчиси яна гол уриш йўлига қайтди. “Генчлербирлиги”га қарши уй ўйинида у 9-дақиқада ҳисобни очди, 40-дақиқада эса дублни расмийлаштирди. Учрашув тақдири ҳал бўлгани сабаб, 80-дақиқада майдондан олинди.

Шу тариқа Элдор Шомуродов Суперлигадаги голлари сонини 18 тага етказди ва тўпурарлар пойгасида яна фаол рақобатни давом эттирмоқда.

Умумий ҳолатда, чемпионлик ва индивидуал совринлар учун кураш сўнгги турларгача кескин давом этиши кутилмоқда. Шомуродов эса Поль Онуачуга етиб олиш учун ҳаракатни давом эттиради.

Уни “Галатасарой” юлдузи Мауро Икарди ва “Фенербаҳче” ҳужумчиси Талиска каби 13 голли футболчилар ҳам таъқиб қилмоқда.

Шу билан бирга, экспертлар Шомуродовнинг тўпурарлик пойгасида ғолиб чиқишига қийинлик туғдириши мумкин бўлган омиллар борлигини таъкидлашмоқда. Чунки етакчи клублар – “Галатасарой”, “Фенербаҳче” ва “Трабзонспор” ҳужум чизиғи ва яримҳимояси жуда кучли ҳисобланади.

Қизиғи, Шомуродов Суперлигада деярли барча рақиблар дарвозасини ишғол қилиб улгурган. У 14 та жамоага қарши гол урган ҳолда катта статистик кўрсаткич қайд этмоқда.

Энди унга гол уролмаган ягона жамоа – “Фенербаҳче” қолган. Ҳамюртимиз “Фенербаҳче”га чемпионатнинг иккинчи ярмидаги ўйинда тўп киритишга ҳаракат қилади. Шу билан бирга “Кайсериспор” ва “Гёзтепе” унга қарши иккита ўйинда ҳам дарвозасини тўсиб қола олган жамоалар сифатида қайд этилмоқда.

Барибир Шомуродов юқори формада ҳаракат қилмоқда ва “Олтин бутса” пойгасида охиригача курашишни мақсад қилган. Бу эса 2026 йилги жаҳон чемпионати олдидан Ўзбекистон миллий жамоаси учун жуда ижобий сигнал сифатида баҳоланмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » Элдор Шомуродов Туркия Суперлигасида энг кучли мавсумни ўтказмоқда