"Пахтакор" "Динамо"ни мағлуб этиб пешқадамликни қайтарди

Суперлиганинг 8-турида пойтахтдаги марказий баҳслардан бири бўлиб ўтди. Тошкентда “Пахтакор” ўз майдонида “Динамо”ни қабул қилиб, голларга бой ва томошабоп ўйинда 4:2 ҳисобида ишончли ғалабага эришди.
Учрашув жуда фаол бошланди. Илк дақиқаларданоқ мезбонлар ташаббусни қўлга олиб, Достонбек Ҳамдамовнинг голи билан ҳисобни очди. Орадан кўп ўтмай, Башар Ресан ҳам ўз номини таблога ёздириб, устунликни мустаҳкамлади. Бироқ “Динамо” тезда жавоб қайтарди — Анвар Ҳожимирзаев ва Азизбек Амоновнинг голлари ҳисобни тенглаштириб, ўйинга яна интрига қайтарди.
Иккинчи бўлимда эса “шерлар” яна босимни оширди. 60-дақиқада Ҳамдамов пеналтини аниқ ижро этиб, жамоасини олдинга олиб чиқди. Орадан ўн дақиқа ўтгач, Ресан яна бир бор рақиб дарвозасини ишғол этиб, ўйин тақдирига нуқта қўйди.
Суперлига. 8-тур
Пахтакор – Динамо 4:2
Голлар: Достон Ҳамдамов, 9 (1:0), Башар Ресан, 22 (2:0), Анвар Ҳожимирзаев, 25 (2:1), Азизбек Амонов, 27 (2:2), Достон Ҳамдамов, 60 пен (3:2), Башар Ресан, 71 (4:2).
Пахтакор - Қувватов, Алижонов, Абдумажидов, Ҳамралиев, Насруллаев, Мозговой (Таҳсин, 79), Бўриев, Эркинов (Саитов, 71), Собирхўжаев, Ресан (Иброҳимов, 85), Ҳамдамов (Пажишак, 85).
Динамо – Неманов, Тўхтасинов (Абдусаломов, 72), Дембеле, Ўрозов, Қодирқулов, Амонов, Ҳожимирзаев, Йўлдошев (Салоу, 76), Жумабоев, Абдуллаев, Сарфо (Облақулов, 76).
Шу тариқа, Достонбек Ҳамдамов ва Башар Ресан дубл қайд этиб, жамоа ғалабасининг асосий қаҳрамонларига айланишди. “Пахтакор” ушбу натижа орқали очколарини 21 тага етказиб, яна турнир жадвалида етакчиликни қўлга киритди.
“Динамо” эса 7 очко билан қуйи поғоналардан жой олиб, 13-ўринда қолмоқда. Ушбу ўйин эса мухлисларга ҳақиқий голлар шоуcини тақдим этди ва Суперлиганинг янада қизиқ кечаётганини намоён қилди.