Арбелоа «Реал»даги энг оғир ҳиссини очиқ айтди...

Альваро Арбелоа “Реал” бош мураббийи сифатида ўтказган қисқа, аммо жуда масъулиятли даври ҳақида самимий фикр билдирди. Испаниялик мутахассис январь ойида “қаймоқлилар” бошқарувини қабул қилиб олган, унгача эса клубнинг ёшлар жамоаси билан ишлаб, мураббийлик фаолиятида босқичма-босқич ўсиб келаётган эди.
Арбелоа учун бу тўрт ой оддий тажриба эмас, балки катта футболнинг энг юқори босқичида ўтилган жиддий синов бўлди. Чунки “Реал” каби клубда ҳар бир ўйин, ҳар бир қарор ва ҳатто ҳар бир матбуот анжумани ҳам алоҳида босим билан кечади. Бу ерда вақт кам, талаб эса жуда юқори — хуллас, “омад келса яхши, келмаса Twitter тайёр” деган муҳит.
Мураббийдан “Реал”дан яхши кайфият билан кетяпсизми ёки мағлубият ҳисси биланми, деб сўралганда, у жавобида ўз йўлини хотиржам баҳолади. Арбелоа учинчи дивизион жамоаси мураббийи сифатида иш бошлаганини, аммо энди Чемпионлар лигасида ўйинларни бошқарган Ла Лига клуби мураббийи сифатида кетayotganини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, бу давр унга катта мактаб вазифасини бажарган. Арбелоа тўрт ой ичида нафақат тактик ва спорт жиҳатидан, балки руҳий, ташкилий ва инсон сифатида ҳам кўп нарсани ўрганганини яширмади. Ҳатто журналистлар билан мулоқот қилишни ҳам у ўзига хос “магистратура”га қиёслади. Бу гап ортида эса катта клубда ишлаш қанчалик кўп қиррали экани сезилиб туради.
Арбелоа “Реал”ни тарк этаётганида хотиржам эканини билдирди. У ўзини мағлуб инсон сифатида кўрмаётганини, аксинча, бу қисқа муддатли тажриба келажак фаолияти учун муҳим пойдевор бўлганини англатди. Чунки баъзан футболда катта сабоқ совриндан ҳам қимматроқ бўлади.
Мухлислар ва жамоа уни қандай эслаб қолишини исташи ҳақидаги саволга жавоб берар экан, Арбелоа “Реал”нинг миллионлаб мухлислари борлигини, улар орасида унинг қарорлари билан кўпроқ рози бўлганлар ҳам, камроқ қўллаб-қувватлаганлар ҳам бўлишини айтди. Бу — катта клуб табиати. Ҳаммани бир вақтда рози қилиш деярли имконсиз.
Шу билан бирга, мутахассис мухлислардан қўллаб-қувватлаш ва меҳр ҳис қилганини алоҳида таъкидлади. Унинг учун бу жуда муҳим. Чунки Арбелоа “Реал” учун бегона инсон эмас. У 43 ёшда ва ҳаётининг 20 йилини ушбу клуб билан боғлаган. Бу эса оддий меҳнат жойи эмас, балки унинг учун уй, хотира ва шахсий тарихнинг катта қисми ҳисобланади.
Арбелоа ўз сўзларида “Реал”ни ўз уйи деб билишини ҳам яширмади. Бу клубда футболчи сифатида ҳам, мураббий сифатида ҳам бўлган инсон учун “Сантьяго Бернабеу” муҳити, мухлислар босими ва ғалаба талабининг маъноси бошқача қабул қилинади.
Энг оғир лаҳзалар ҳақида гап кетганда эса Арбелоа жуда очиқ жавоб берди. Унинг айтишича, “Реал”даги энг қийин нарса — ғалаба қозона олмаган пайтлардир. Бу клубда иккинчи ўрин, яхши ҳаракат ёки чиройли баҳона кўпинча етарли ҳисобланмайди. “Реал”да асосий мезон битта: натижа.
Арбелоани энг кўп ранжитган жиҳат эса футболчиларга соврин ютишда ёрдам бера олмагани бўлган. У жамоа аъзолари, мухлислар ва клуб атрофидаги миллионлаб инсонлар умидини елкасида ҳис қилганини айтди. Айнан шу ишончни тўлиқ оқлай олмагани мураббий учун энг оғриқли нуқтага айланган.
Бу иқрор Арбелоанинг “Реал”га нисбатан муносабати қанчалик чуқур эканини кўрсатади. У лавозимни шунчаки иш сифатида қабул қилмаган, балки клуб муваффақияти учун шахсан жавобгарлик ҳис қилган. Катта клубларда эса мана шу ҳис мураббийни ҳам улғайтиради, ҳам ичидан ейди.
Арбелоа даври узоқ давом этмаган бўлиши мумкин, аммо у “Реал”да бош мураббий сифатида олинган тажриба келажакда унга катта ёрдам бериши аниқ. У энди Чемпионлар лигаси муҳитини кўрган, Ла Лига босимини ҳис қилган ва энг асосийси, катта клубда қарор қабул қилишнинг ҳақиқий оғирлигини ўз елкасида сезган мураббий сифатида кетмоқда.
Энди Арбелоанинг кейинги қадами қизиқ бўлади. У бу тажрибадан қандай хулоса чиқаради, қайси клубда ўзини яна бир бор синаб кўради ва “Реал”даги оғриқли сабоқларни қандай натижага айлантиради — буни вақт кўрсатади. Лекин бир нарса аниқ: у Мадриддан шовқин билан эмас, балки самимийлик ва очиқ гап билан кетяпти.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!