Бруно Фернандес Саудия Арабистони клубидан тушган таклифни рад этди

"Манчестер Юнайтед" сардори Бруно Фернандес Саудия Арабистони Pro-лигасидан тушган сердаромад таклифни нима сабабдан рад этганини очиқлади. Португалиялик плеймейкер келажаги борасидаги кўплаб миш-мишларга қарамай, "Олд Траффорд"да қолиб, ўзининг профессионал фаолиятини давом эттиришни маъқул кўрган. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Фернандес Яқин Шарқ клубларининг асосий нишонларидан бири бўлиб келаётган эди. Бироқ 31 ёшли футболчи молиявий жиҳатдан жуда катта маблағлардан воз кечиб, жамоада қолишни танлади. У вақтинчалик бош мураббий Майкл Кэррик қўл остида ажойиб ўйин кўрсатмоқда. Сардор жамоасининг турнир жадвалида учинчи ўринга кўтарилишига катта ҳисса қўшди ва жорий мавсумда 8 та гол ҳамда 19 та голли узатмани амалга оширди.

BBC Спорт телеканалидаги Уэйн Руни шоусида иштирок этган ярим ҳимоячи ўз қарорини юқори маош эмас, балки спортдаги мақсадлари билан изоҳлади. Унинг сўзларига кўра, оилавий қадриятлар бойликдан кўра профессионал муваффақият ва фарзандларининг бахтини устун қўйишга ундаган.
Фернандес рафиқаси билан бўлган суҳбат ҳақида шундай деди: «Мен клубга ҳали берадиган нарсам бор деб ўйлаганим учун қолдим. Саудия варианти ва пуллар... бу жуда кўп эди. Оиламнинг яхши томони шундаки, рафиқам ҳам мен каби ҳаётга реал қарайди. Биз дунёдаги энг бой одам бўлишни истамаймиз. Биз шунчаки ўз орзуларимизга эришган ва фарзандларимиз билан бахтли яшайдиган инсонлар бўлишни хоҳлаймиз».
Рафиқасининг «Сен барча орзуларингга эришдингми?» деган саволи футболчи учун бурилиш нуқтаси бўлди. Бу суҳбат унинг Англия клубидаги фаолияти ҳали якунланмаганини англашига ёрдам берди. Эндиликда "Манчестер Юнайтед" душанба куни "Брентфорд"ни қабул қилади ва ғалаба қозонса, кейинги мавсум учун Чемпионлар лигаси йўлланмасини деярли нақд қилади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!