date

Моуриньо «Реал»га қайтиш учун бешта шарт қўйди

Жаҳон футболида яна катта шов-шув бошланди. Португалиялик таниқли мутахассис Жозе Моуриньонинг Мадриднинг “Реал” клубига эҳтимолий қайтиши ҳақидаги хабарлар тобора кучаймоқда. Испаниянинг Sport.es нашри тарқатган маълумотларга кўра, тажрибали мураббий “қаймоқранглилар” президенти Флорентино Перес билан ўтказилган музокараларда бир қатор жиддий талабларни илгари сурган.

Манба хабарига кўра, Моуриньо “Реал”га қайтиш масаласини муҳокама қилиш жараёнида клуб раҳбарияти олдига бешта асосий шарт қўйган.

Аввало, португалиялик мураббий икки йиллик тўлиқ кафолатланган шартнома талаб қилган. У жамоада узоқроқ ва барқарор ишлаш имкониятига эга бўлишни истамоқда.

Шунингдек, Моуриньо жисмоний тайёргарлик бўйича машҳур мутахассис Антонио Пинтуснинг лавозимдан кетишини ҳам шарт сифатида илгари сургани айтилмоқда. Бу талаб клуб ичида ҳам катта муҳокамаларга сабаб бўлган.

Бундан ташқари, “Особенный” лақаби билан машҳур мураббий клуб раҳбарияти унинг ишига мутлақо аралашмаслигини хоҳламоқда. У спорт қарорлари фақат мураббийлар штаби томонидан қабул қилиниши керак, деб ҳисоблайди.

Моуриньо яна жамоанинг тиббиёт штаби фаолиятини ҳам тўлиқ янгилашни талаб қилган. У футболчиларнинг жароҳатлари ва тикланиш жараёни бўйича ҳозирги тизимдан норози экани айтилмоқда.

Энг қизиқ шартлардан бири эса матбуот котиби лавозимини жорий этиш билан боғлиқ. Нашр маълумотига кўра, португалиялик мутахассис ҳар бир матбуот анжуманида қатнашишни истамайди.

Бунинг сабаби сифатида унинг аввалги “Реал”даги фаолияти давомида ОАВ билан тез-тез юзага келган кескин можаролар келтирилмоқда. Моуриньо бу сафар ахборот босимини камайтириш ва ўзини ортиқча баҳслардан узоқроқ тутишни режалаштирмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Жозе Моуриньо 2010–2013 йиллар оралиғида “Реал”ни бошқарган ва ўша даврда мадридликлар билан катта муваффақиятларга эришган эди. Унинг қўл остида жамоа Испания чемпионлигини қўлга киритган, шунингдек, мамлакат Кубоги ва Суперкубоги соҳиби бўлган.

Ҳозирча музокаралар қандай якунланиши номаълум. Бироқ футбол жамоатчилиги Моуриньонинг эҳтимолий қайтиши “Реал”да янги давр бошланиши мумкинлиги ҳақида қизғин муҳокама қилмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » Моуриньо «Реал»га қайтиш учун бешта шарт қўйди