Инсонни энг тез семиртирувчи 10 та маҳсулот маълум қилинди

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- Инсон организмида тез вазн ортишига сабаб бўлувчи асосий омиллар юқори калория, оддий углеводлар, тозаланган шакар ҳамда тўйинган ёғларга бой маҳсулотлардир.
- Мутахассислар фаст-фуд, ширин ичимликлар, ширинликлар, маёнез, чипслар, оқ нон, қайта ишланган гўшт, ширин сутли маҳсулотлар, музқаймоқ ва энергетик ичимликларни рациондан чиқариб ташлаш ёки чеклашни тавсия этади.
Кўпчилик ортиқча вазн тўплаш фақат кўп овқат ейишдан келиб чиқади деб ўйлайди, бироқ муаммонинг асосий сабаби — таомларнинг сифати ва таркибидадир. Инсон организмини энг тез ва осон вазн йиғишга мажбур қилувчи озуқалар — бу юқори калория, оддий углеводлар, тозаланган шакар ҳамда тўйинган ёғларга бой маҳсулотлардир.
Бу турдаги егуликлар истеъмол қилинганда қондаги глюкоза ва инсулин миқдори бир зумда кўтарилиб, олинган ортиқча энергия тўғридан-тўғри ёғ захирасига йўналтирилади.
Танада тез ёғ тўпловчи ТОП-10 маҳсулот
Мутахассислар рациондан чиқариб ташлаш ёки кескин чеклаш тавсия этиладиган асосий омилларни санаб ўтди:
Фаст-фуд ва қовурилган таомлар (бургер, картошка фри): Транс-ёғлар ва юқори калория уйғунлиги сабабли тери ости ва ички аъзолар атрофида жуда тез ёғ қатламини шакллантиради;
Газланган ширин ичимликлар ва тайёр шарбатлар: «Суюқ калориялар» мияга тўқлик сигналини бермайди, таркибидаги улкан миқдордаги шакар эса жигарда тез фурсат ичида ёғга айланади;
Ширинликлар ва пишириқлар (торт, кекс, конфет): Олий навли оқ ун ва шакарнинг бирикмаси инсулин гормонини кескин ошириб, вазн ортишини тезлаштиради;
Майонез ва дўкон соуслари: Салат ёки таомга қўшилган кичик бир ош қошиқ майонез овқатнинг умумий калориясини бир неча баробарга ошириб юборади;
Чипслар ва сухариклар: Юқори миқдордаги туз танада ортиқча сув тўпланишига (шишлар пайдо бўлишига) олиб келади, тез ҳазм бўлувчи углеводлар эса тез семиртиради;
Оқ нон ва хамирли маҳсулотлар: Таркибида фойдали клетчатка (ўсимлик толалари) бўлмагани учун қонга тез сингиб, очлик ҳиссини жуда тез қайтаради;
Қайта ишланган гўшт маҳсулотлари (сосиска, колбаса): Уларнинг таркибида кўзга кўринмайдиган яширин ёғлар, консервантлар ва иштаҳани сунъий очадиган таъм кучайтиргичлар бисёр;
Ширин сутли маҳсулотлар (глазурланган пишлоқчалар, ширин йогуртлар): Фойдали сут маҳсулоти ниқоби остида сотиладиган бу егуликларда шакар миқдори оддий конфетлардан қолишмайди;
Музқаймоқ: Юқори фоизли қаймоқ (ҳайвон ёғи) ва шакарнинг мукаммал комбинацияси семириш учун энг хавфли манбалардан биридир;
Энергетик ичимликлар: Катта калория ва шакар дозасидан ташқари, улар организмдаги табиий метаболизм (моддалар алмашинуви) ритмини издан чиқаради.
Тўғри ва соғлом вазн йиғиш қоидаси
Агар вазнингиз кам бўлиб, семиришни ёки мушак массасини оширишни истасангиз, буни зарарли маҳсулотлар билан эмас, балки табиий озуқалар орқали амалга ошириш керак.
Рационга ёнғоқлар, табиий гўшт ва балиқ маҳсулотлари, банан ҳамда сули бўтқаси (овсянка) каби озуқавий қиймати юқори, фойдали минерал ва оқсилга бой маҳсулотларни киритиш саломатликка зиён етказмасдан сифатли вазн олишни таъминлайди.































Изоҳлар 0
…