Эдуардо Консеикао: Палмеираснинг янги юлдузи Европа гигантлари нишонида

Палмеирас академияси ўзининг иқтидорли ёшлари билан машҳур бўлиб, Эндрикк, Эстевао, Луис Гуилҳерме, Витор Реис ва Луигҳи каби футболчилар клуб учун катта даромад келтириши кутилаётган «Миллиард авлоди» таркибига киради. Энди эса бу рўйхатга яна бир ном қўшилмоқда: 16 ёшли Эдуардо Консеикао. Ҳали асосий жамоада дебют қилмаган бўлса-да, бу ҳужумчи аллақачон Европанинг топ-клублари эътиборига тушиб улгурди. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Эдуардо Консеикао учун курашда Барселона, PSJ, Реал Мадрид, Манчестер Юнайтед, Манчестер Сити, Арсенал ва Челси каби жамоалар етакчилик қилмоқда. Бразилия У-17 терма жамоаси аъзоси бўлган футболчининг салоҳияти скаутларни ҳайратда қолдирмоқда. Мутахассислар унинг тезлиги ва майдонни кўра олиш қобилиятини юқори баҳолашмоқда.
Сан-Паулуда туғилган Эдуардо футболга отасининг таъсири билан кириб келган. Тўққиз ёшидан буён Палмеирас тизимида тарбияланаётган иқтидор эгаси ёш тоифаларида доимо ўзидан катталар билан ўйнаб, тенгдошларидан яққол ажралиб турди. У январ ойида ўтказилган нуфузли Копа Сао Пауло де Футбол Жуниор турнирида ўзини ёрқин кўрсатиб, мухлислар ва мутахассисларни лол қолдирди.
Эдуардо турнир доирасидаги ўйинларнинг бирида тўртта гол уриб, учта голли узатмани амалга оширди. Ушбу муваффақиятдан сўнг, Палмеирас раҳбарияти у билан илк профессионал шартномасини имзолади. Клуб футболчини сақлаб қолиш мақсадида шартномага 100 миллион евролик товон пули бандини киритди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!