Ибраҳима Конате Ливерпулни тарк этиб Реал Мадридга ўтишга яқин турибди

Франция терма жамоаси ҳимоячиси Ибраҳима Конате Ливерпул билан хайрлашганидан сўнг, кутилмаганда Реал Мадрид сафига қўшилишга жуда яқин турибди. 27 ёшли марказий ҳимоячи шартнома борасидаги музокаралар муваффақиятсиз якунлангач, Энфилдни эркин агент мақомида тарк этди. У Ливерпул сафида беш мавсум давомида муваффақиятли тўп суриб, бир қатор совринлар, жумладан, 2025-йилги Англия Премер-лигаси олтин медалларини қўлга киритган эди. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Клубни тарк этиши расман эълон қилингач, ҳимоячи ижтимоий тармоқлар орқали Мерсисайдаги фаолияти бундай тарзда якунланганидан ҳайратда ва қайғуда эканини билдирди. Унинг кетиши Муҳаммад Салах ва Эндрю Робертсон каби афсоналарнинг хайрлашувига тўғри келди. Бироқ, Салах ва Робертсон Брентфордга қарши ўйинда муносиб кузатилган бўлса-да, франциялик ҳимоячига мухлислар билан хайрлашиш имконияти берилмади.
Онзе Мондиал нашрининг хабарига кўра, Реал Мадрид юзага келган вазиятдан унумли фойдаланиб, ҳимоячи билан келишувга эришган. Испания гранди узоқ вақтдан бери Конатенинг ўйинларини кузатиб келаётган эди ва бундай даражадаги футболчини текинга қўлга киритиш клуб учун катта муваффақият ҳисобланади. Футболчи ва клуб ўртасида шахсий шартнома шартлари тўлиқ келишиб олинган.
Ушбу трансфернинг расман эълон қилиниши Мадрид клубидаги ички сиёсий жараёнларга боғлиқ бўлиб турибди. Хабарларга кўра, Флорентино Перез якшанба куни бўлиб ўтадиган президентлик сайловларида ғолиб чиқиши билан трансфер расмийлаштирилади. Гарчи раҳбарият ўзгариши эҳтимоли паст бўлса-да, Конате шартномага қўл қўйиш учун овоз бериш жараёни якунланишини кутиши керак.
Ҳозирда Ибраҳима Конате бор эътиборини Франция терма жамоаси сафида Жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўришга қаратган. Халқаро турнир якунлангач, Мадридда футболчининг расмий тақдимот маросими ўтказилиши ва у Ла Лига грандининг янги аъзосига айланиши кутилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!