Сўнгги рақс: Лионель Месси ва Криштиано Роналдо ЖЧ-2026да қатнашадими?

2026-йилги Жаҳон чемпионати футбол тарихидаги энг йирик ва ўзгача турнир бўлиши кутилмоқда. Илк бор 48 та жамоа иштирок этадиган ҳамда АҚШ, Канада ва Мексика мезбонлик қиладиган ушбу мусобақа қарийб 100 йиллик тарихда янги саҳифа очади. Бироқ, деярли йигирма йил давомида футбол оламини бошқарган афсонавий авлод учун бу сўнгги бекат бўлиши мумкин. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Лионель Месси 39 ёшга яқинлашаётган бўлса-да, ўзининг рекорд даражадаги олтинчи Жаҳон чемпионатида иштирок этиш ниятида. Аргентина терма жамоаси билан 2022-йилда Қатарда ғолиб чиққан Месси, ҳозирда Интер Миами сафида MLSда тўп тепмоқда. Гарчи Шимолий Американинг жазирама иссиғи ва кенгайтирилган формат унинг жисмоний ҳолатига қийинчилик туғдириши мумкин бўлса-да, афсонавий ҳужумчи яна бир бор дунёни ҳайратда қолдиришга тайёр.
Криштиано Роналдо эса 41 ёшида Португалия терма жамоаси билан тарихий ғалабага эришишни мақсад қилган. Месси билан солиштирганда, беш карра "Олтин тўп" соҳиби ҳали Жаҳон чемпионлигини қўлга киритмаган ва плей-офф босқичларида гол уришга муваффақ бўлмаган. Агар Португалия ғалаба қозонса, Роналдо ушбу нуфузли кубокни боши узра кўтарган энг ёши катта футболчига айланади.
Ушбу афсоналар билан бир қаторда, бир қатор фахрий юлдузлар учун ҳам 2026-йилги турнир халқаро майдондаги сўнгги имконият бўлади. Улар кетганидан сўнг футбол оламида пайдо бўладиган бўшлиқни ҳатто энг иқтидорли ёшлар ҳам дарҳол тўлдира олмаслиги аниқ. Мухлислар учун бу афсоналарнинг сўнгги бор катта саҳнада намоён бўлишини томоша қилиш учун ноёб имкониятдир.





























Изоҳлар 0
…