Самарқандда ЙПХ ходими пиёдани уриб, ўлимга сабаб бўлди

Самарқанд шаҳрида йўл-патрул хизматига тегишли хизмат автомобили иштирокида фожиали йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Ҳалокат оқибатида бир нафар пиёда воқеа жойининг ўзида ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси маълум қилди.
Маълум қилинишича, ҳодиса 21 июль куни соат 18:15 атрофида шаҳарнинг «Шаббод» кўчасида юз берган. ЙПХ ходими ўзига бириктирилган Tracker русумли патрул автомобилини бошқариб кетаётган вақтда, белгиланмаган жойдан йўлни кесиб ўтаётган 1951 йилда туғилган С.А.ни уриб юборган.

Оғир тан жароҳатлари олган пиёдага кўрсатилган ёрдам самара бермаган ва у воқеа жойида вафот этган.
Ҳодиса жойидан олинган суратларда патрул автомобилининг олд қисмига жиддий шикаст етганини кўриш мумкин.

Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми — транспорт воситаларидан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш оқибатида одам ўлимига сабаб бўлиш ҳолати бўйича жиноят иши қўзғатилди.
Айни пайтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан воқеанинг барча ҳолатларини аниқлашга қаратилган тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.






























Изоҳлар 0
…