Батутдаги оддий сакраш 13 ёшли болани инсультга олиб келди

Буюк Британияда содир бўлган ноодатий ҳолат кўплаб ота-оналарни ҳушёр торттирди. 13 ёшли ўсмир батутда сакраб йиқилганидан сўнг инсульт ва 19 марта микроинсултни бошдан кечирди. Шифокорлар бу оғир ҳолатга бўйин қисмидаги уйқу артериясининг жароҳатланиши сабаб бўлганини маълум қилди.
Маълум қилинишича, ўсмир батутдан йиқилганидан кейин дастлаб ўзини яхши ҳис қилган. Бироқ орадан бир ҳафта ўтиб, унинг ота-онаси Энди ва Шантал Ширз ўғлини ваннахонада ҳушсиз ҳолда топган. Боланинг юзининг чап қисми осилиб қолган, танасининг чап томони ҳаракатланмай қолган ва нутқи ҳам бузилган.
Ота-она зудлик билан тез ёрдам чақирган. Шифокорлар компьютер томографияси натижаларига асосланиб, болага инсульт ташхисини қўйган. Текширувлар давомида батутдан йиқилиш вақтида бўйиндаги уйқу артерияси ёрилгани ва шу жойда тромб ҳосил бўлгани аниқланган.
Шифохонада даволаниш жараёнида ўсмир яна 19 та микроинсултни бошдан кечирган. Бу ҳолат тромб бўлакларининг мия қон томирларига бориб қолиши оқибатида юзага келган.
Шифокорлар боланинг ҳаётини сақлаб қолиш учун тўрт соатлик мураккаб жарроҳлик амалиётини ўтказди. Амалиёт давомида икки дона тромб олиб ташланган бўлиб, улардан бири 2,5 сантиметр узунликда бўлган.
Беш ҳафта давом этган даволанишдан сўнг ўсмир уйига жавоб берилди. Шифокорлар ёрдами билан у ҳаракатланиш қобилиятини деярли тўлиқ тиклаган. Бироқ ҳозиргача тез чарчаш ва нутқнинг секинлашиши каби асоратлар сақланиб қолмоқда.
Боланинг отаси бу ҳолатни ҳақиқий мўъжиза деб атади. Унинг сўзларига кўра, шифокорлар миядаги қон айланиши бошқа қон томирлари орқали таъминлангани туфайли ўсмирнинг ҳаёти сақлаб қолинганини айтган.
Мутахассислар эслатишича, батутда сакраш хавфсиз кўринса-да, нотўғри қўниш ёки бўйин қисмига кучли зарба тушиши оғир оқибатларга олиб келиши мумкин. Шу боис болалар бундай аттракционлардан фойдаланганда катталар назорати ва хавфсизлик қоидаларига қатъий амал қилиниши муҳим ҳисобланади.






























Изоҳлар 0
…