Роберто Мартинес: Натижадан жуда мамнунман

Португалия миллий жамоаси бош мураббийи Роберто Мартинес ЖЧ-2026 гуруҳ босқичининг иккинчи турида Ўзбекистон устидан қозонилган 5:0 ҳисобидаги йирик ғалабадан сўнг ўз фикрларини билдирди.
Португалия биринчи турда Конго Демократик Республикаси билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнаган эди. Мартинеснинг таъкидлашича, ўша кутилмаган натижа жамоанинг кейинги учрашувга бўлган муносабатига ижобий таъсир кўрсатган.
«Бугун кийиниш хонасида қандай реакция бўлганини кўрдик. Турнирда олдинга силжиш учун баъзан биринчи ўйиндаги каби вазиятлар ҳам керак бўлади», — деди португалиялик мутахассис FIFA расмий сайтига берган интервьюсида.
Бош мураббий Ўзбекистонга қарши баҳсда майдонга янада етук, интизомли ва юқори мотивацияга эга жамоа чиққанини қайд этди.
«Худди ўша интизом ва кайфиятга эга, аммо янада етуклашган жамоани кўрдик. Чунки бу энди биринчи ўйин эмас эди. Натижадан жуда мамнунман», — дея таъкидлади Мартинес.
Португалия учрашувнинг дастлабки дақиқалариданоқ ташаббусни қўлга киритиб, биринчи бўлимда Ўзбекистон дарвозасига учта гол урди. Танаффусдан кейин ҳам босимни давом эттирган европаликлар якунда 5:0 ҳисобида ишончли ғалабага эришди.
Мазкур натижадан кейин Португалия икки учрашувда тўрт очко жамғариб, ўз гуруҳида пешқадамлик қилмоқда.
Роберто Мартинес шогирдлари энди гуруҳ босқичининг сўнгги туридаги баҳсга тайёргарлик кўради. Жамоа ушбу ўйинда ҳам ижобий натижа қайд этиб, плей-офф босқичига йўл олишни мақсад қилган.































Изоҳлар 0
…