Карло Анчелотти Бразилияни 2030 йилгача бошқаради...

Бразилия футбол конфедерацияси Карло Анчелоттининг келажаги бўйича аниқ позиция билдирди. ЖЧ-2026даги муваффақиятсизликка қарамай, италиялик мутахассис терма жамоа бош мураббийи сифатида ишлашда давом этади.
Конфедерация ижроия директори Родриго Каэтанонинг айтишича, Анчелотти билан лойиҳа 2030 йилги жаҳон чемпионатигача мўлжалланган.
«Анчелотти бутун цикл давомида ишлайди»
Бразилия Жаҳон чемпионати 1/8 финалида Норвегияга 1:2 ҳисобида мағлуб бўлиб, турнирни эрта тарк этди.
Шунга қарамай, федерация мураббийлар штабида кескин ўзгариш қилишни режалаштирмаяпти.
«Биз учун энг асосий вазифа — мураббий билан бутун циклни хотиржам ўтказиш. У ўз ишини 2030 йилги жаҳон чемпионатигача давом эттиради», — деди Каэтано.
Унинг таъкидлашича, Бразилия энди шошилмасдан, босқичма-босқич янги мундиалга тайёргарлик кўриши керак.
Жамоада оғир муҳит ҳукм сурмоқда
Каэтано ЖЧдан чиқиб кетиш футболчилар, ходимлар ва мураббийлар штаби учун оғир зарба бўлганини яширмади.
«Ҳамма жуда ранжиган ва хафсаласи пир бўлган. Футболчилар ҳам, ходимлар ҳам, мураббийлар штаби ҳам бу натижани оғир қабул қилмоқда», — деди у.
Бразилия терма жамоаси турнирга чемпионлик учун асосий даъвогарлардан бири сифатида келган, аммо 1/8 финалдаёқ тўхтаган эди.
38 кунлик меҳнат қадрсизланмаслиги керак
Федерация вакили мағлубиятга қарамай, жамоанинг турнир давомидаги меҳнати ва профессионал муносабатини юқори баҳолади.
«Бирга ўтказган вақтимизни, айниқса шу 38 кунлик даврни камситиб бўлмайди. Бу вақт ичида футболчиларнинг қай даражада фидойи ва профессионал эканини кўрдик», — деди Каэтано.
Унинг фикрича, жамоа мусобақа давомида ўйинини яхшилаб борган ва Норвегияга қарши учрашувда ҳам муносиб футбол намойиш этган.
«Финалгача боришни мақсад қилгандик»
Каэтано Бразилия чоракфиналга чиқиш учун етарли имкониятларга эга бўлганини таъкидлади.
«Мусобақадан чиқиб кетиш оғир қабул қилинмоқда, чунки биз кейинги босқичга чиқиш учун барча имкониятларга эга эдик. Асосий мақсадимиз финалгача етиб бориш эди», — деди у.
Энди Бразилия терма жамоасида янги босқич бошланади. Анчелотти лавозимида қолади, федерация эса унга 2030 йилги жаҳон чемпионатигача жамоани қайта қуриш ва кучайтириш учун имконият беради.































Изоҳлар 0
…