Антуан Гризманн АҚШда дебют қилди: Франциялик юлдуз Лионель Месси билан тўқнашувни кутмоқда

Франция терма жамоасининг собиқ ҳужумчиси Антуан Гризманн океан ортидаги фаолиятини муваффақиятли бошлади. АҚШнинг Орландо Ситй клуби сафига келиб қўшилган тажрибали футболчи ўзининг дебют учрашувидаёқ гол уришга муваффақ бўлди ва жамоасининг йирик ғалабасига муносиб ҳисса қўшди. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Мавсумолди тайёргарлик доирасида Тампа Бай Ровдиес жамоасига қарши кечган назорат баҳсида Орландо Ситй 6:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Goal.com нашрининг хабар беришича, июн ойи охирида клуб билан шартнома имзолаган 35 ёшли Гризманн учрашувни асосий таркибда бошлади ва майдонда ўзининг юқори маҳоратини намойиш этди.
Ўйиннинг 32-дақиқасида Антуан Гризманн аниқ зарбаси билан ҳисобни очди. Бу унинг янги жамоасидаги илк голи сифатида қайд этилди. Шунингдек, учрашувнинг 61-дақиқасида франциялик ҳужумчи Иван Ангуло томонидан киритилган голга ассистентлик қилиб, ўз ҳисобига самарали ҳаракат ёздириб қўйди. Мураббийлар штаби Гризманнинг жисмоний ҳолати ва жамоавий ўйинга тезда мослашиб бораётганидан мамнун эканини яширмади.
Лионель Месси билан кутилаётган Флорида дербиси
Гризманн ўйиндан сўнг берган интервюсида MLS лигасидаги мақсадлари ва собиқ жамоадоши Лионель Месси билан бўлажак тўқнашув ҳақида тўхталиб ўтди. Маълумки, Орландо Ситй ва Лионель Месси тўп сураётган Интер Маями клублари ўртасидаги рақобат Флорида дербиси мақомига эга."Менга бу дерби ҳақида кўп гапиришди, охирги ўйинни томоша қилдим. Лионель Месси билан яна майдонда учрашиш мен учун катта қувонч. Шунингдек, Родриго Де Паул билан ҳам жуда яхши муносабатдаман, унга қарши ўйнаш қизиқарли бўлади", — дея таъкидлади франциялик юлдуз.
Орландо Ситй жамоаси навбатдаги тайёргарлик босқичини ўтказиш учун ФК Даллас клуби қароргоҳига йўл олади. Бош мураббий вазифасини бажарувчи Мартин Перелман ушбу ўйинлар орқали Гризманнинг тактик схемаларга тўлиқ мослашишини таъминламоқчи. Жамоа учун ҳақиқий синов эса 22-июль куни Сан-Хосега қарши кечадиган MLS расмий учрашувида бошланади.
Антуан Гризманнинг АҚШга кўчиб ўтиши MLS нуфузини янада ошириши кутилмоқда. Аввалроқ Атлетико Мадрид ва Барселона каби клубларда тўп сурган ҳужумчи эндиликда Шимолий Америка футбол ишқибозларини ўз ўйини билан хушнуд этишга ҳаракат қилади.






























Изоҳлар 0
…