UFC пул ёмғири ёғдирди: Кимлар 100 минг доллар олди-ю, кимлар мукофотсиз қолди?

Хитойнинг Шанхай шаҳри мезбонлик қилган UFC Fight Night 286 турнири кескин ва муросасиз жанглари билан бирга, иштирокчиларга тақдим этилган катта миқдордаги молиявий бонуслари билан ҳам ёдда қолди. Дунёнинг етакчи промоушени мазкур мусобақа якунлари бўйича жами тўртта 100 минг долларлик асосий бонуслар ҳамда муддатидан олдин ғалаба қозонган қатор спортчиларга қўшимча мукофотлар тарқатди.
Айниқса, кечанинг марказий жангида мағлубиятсиз фаворитни қулатган Сонг Ядонг ва шиддатли қарама-қаршилик кўрсатган бошқа спортчилар оқшом қаҳрамонларига айланди.
100 минг долларлик асосий қаҳрамонлар ва номинациялар
UFC раҳбарияти энг ёрқин жангчиларни 100 минг долларлик махсус чеклар билан тақдирлади:
«Оқшомнинг энг яхши чиқиши» — Сонг Ядонг: 28 ёшли хитойлик юлдуз Умар Нурмагомедовга қарши баҳсда дастлабки раундни уччала ҳакамнинг баҳосига кўра бой берган бўлса-да, иккинчи раундда қарши зарба билан рақибни мувозанатдан чиқариб, партерда нокаутга учратди ва 100 минг долларлик бонусга эга бўлди;
«Оқшомнинг энг яхши чиқиши» — Билол Ҳасан: Лигадаги дебютини ўтказган индонезиялик спортчи Нилсон Рохасни иккинчи раундда ёрқин тарзда нокаут қилиб, 100 минг долларлик мукофотни нақд қилди;
«Оқшомнинг энг яхши жанги» — Лю Цэ ва Леви Родригес-кичик: 1-раунднинг 4-дақиқаси 26-сониясида Лю Цэнинг ёрқин нокаути билан тугаган муросасиз тўқнашув оқшом жанги деб топилди. Мағлуб бўлган Леви Родригес-кичик ҳам Лю Цэ каби 100 минг доллар мукофотга лойиқ кўрилди.
25 минг долларлик қўшимча мукофотлар ва вазн жазоси
Промоушен муддатидан олдин ғалаба қозонган бошқа спортчиларни ҳам эътиборсиз қолдирмади, аммо айрим жангчилар қатъий қоидалар қурбонига айланди:
25 минг доллар олганлар: Рақибларини вақтидан аввал мағлуб этган Дениз Гомес, Кай Асакура, Ри Цуруя, Франческо Нуцци ва Эктор Сантьяго 25 минг доллардан қўшимча мукофот олди;
Вазн сабаб бонуссиз қолганлар: Ўз жангларини муддатидан олдин ғалаба билан якунлаган Жулия Поластри ва Андре Лима расмий вазн ўлчаш маросимида белгиланган лимитни бажара олишмагани боис расман бонуслардан маҳрум қилинди.































Изоҳлар 0
…