ЎФФ раҳбари Мираброр Усмонов бугун 70 ёшлик таваллуд айёмини нишонламоқда. У ҳақда ҳаттоки, интернетнинг чексиз сарҳадларида ҳам маълумотлар у қадар кўп эмас.
«Википедия»да келтирилишича, Мираброр Зуфарович 1947 йилнинг 4 июлида Тошкентда туғилган ва 1978 йили Самарқанд кооператив институтининг иқтисод йўналиши бўйича тамомлаган.
Меҳнат фаолиятини эса Тошкент шаҳридаги ресторанлардан бирида ошпаз сифатида бошлаб, кейинчалик трест раҳбаригача бўлган йўлни босиб ўтган.
Мустақиллик йиллари савдо вазири, «Ўзбексавдо» компанияси раиси ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари лавозимларида иш олиб борган. Мираброр Зуфаровичнинг қисқача таржимаи-ҳоли шу.
Аммо биз - ўзбек футболи мухлислари бу инсонни 2006 йилдан буён яқиндан таниймиз. У айнан ўша йили ЎФФ президенти сифатида фаолият юрита бошлади ва шу билан миллий футболимиз мутлақо янги даврга юз тутди. Тан олайлик, энг ашаддий танқидчилар ҳам айнан 2006 йилдан кўтарилиш даври бошланганини инкор этолмайдилар. Чунончи, бунга қадар нафақат клублар, балки Ўзбекистон миллий терма жамоасида ҳам шароитлар ҳаминқадар эди. Мираброр Усмонов иш бошлагач, ҳаттоки, болалар жамоаларининг ҳам хорижда йиғин ташкил этиши одатий ҳолга айланди. Айниқса, футбол инфратузилмаси ҳақида алоҳида тўхталиш лозим. Бир эсланг, авваллари клубларимиз стадионларида шароит қандай эди? Бу масалада энг сара жамоалар ҳам айтарли мақтанолмасди. Энди-чи? Аутсайдер клубларнинг ҳам замонавий стадионларда тўп суришига кўникиб улгурдик.
Диққатга сазовор томони, Мираброр Зуфаровичнинг фаолияти фақат футбол билан боғлиқ эмас. У 2013 йилдан эътиборан, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасини ҳам бошқариб келмоқда. Усмонов раҳбарлиги даври қўмита ҳаётида сезиларли ўзгаришлар юз бергани сир эмас. Мисол учун, у янги лавозимда иш бошлагани ҳамоно Тошкент марказида МОҚ учун алоҳида бино қурилишига бош-қош бўлди. Бунинг самараси ўлароқ, бутун шаҳар бўйлаб «сочилган» федерациялар боши бириктирилди. Табиийки, бу ўзига хос қулайликларни юзага келтирди. Энг муҳими, спортчиларга алоҳида эътибор берилиб, уларнинг талаб даражасида шуғулланишлари учун зарур барча жиҳозлар таъминоти йўлга қўйилди.
Спортга қаратилган ушбу ўзгача эътибор самарасини қидириб, узоққа бориш шарт эмас, яқин тарихимизга назар ташлаш кифоя. Дейлик, 2016 йил том маънода ўзбек спортига аталди. Бу гапда заррача муболаға йўқ. Юртимиз спортчилари ўтган йили Бразилия мезбонлик қилган Олимпиадада рекорд даражада медалларни қўлга киритишганию, бундан нечоғли ҳузурланганимиз ҳамон ёдимизда. Спортимиз дунё бўйича энг кучли 20таликда зикр этилди - катта гап. Ахир 5-6 йил муқаддам бундай ютуқларни ҳаттоки, орзу қилишга ҳам ҳаддимиз сиғмасди. Энди эса ўзбек боксчилари бор жойда бошқалар рингга чиқишга ҳам ҳадиксираб қолишди.
Яна футболга қайтамиз. Терма жамоалар базаси мустаҳкамланганини ҳам бемалол Мираброр Зуфарович ҳисобига ёзиб қўйсак бўлади. Хусусан, унинг ўзбек футболи бошқарувидаги 11 йиллик фаолияти давомида ёшлар тизими мутлақо янги даражага кўтарилди. Яъни ўсмирлар ва ёшлар терма жамоаларимизнинг жаҳон чемпионатига чиқиши деярли доимийлик касб этди, орадаги баъзи узилишларни ҳисобга олмаганда. Муҳими, ёшларимиз жаҳон ареналарида ҳам муносиб ўйнаб, кенг оммада ижобий таассурот уйғотишди. Айниқса, Мексика, Туркия ва Янги Зеландияда ташкил этилган кичик мундиалларни бир эсга олинг. Шунингдек, ўсмирлардан тузилган жамоамиз футболимиз тарихида илк марта Осиё чемпиони мақомига эришди. Тушунарлики, ютуқлар ўз-ўзидан келгани йўқ - бунинг замирида машаққатли меҳнат ва яхши йўлга қўйилган тизим бор.
Ҳа, фақат битта нарса кўнгилни хира қилмоқда - миллий жамоамизнинг ЖЧга чиқолмаётгани. Ваҳоланки, бу йўлда ҳам барча шароитлар муҳайё этилди, тинимсиз иш олиб борилди. ЎФФ бу борада маҳаллий мураббийларга тўлиқ ишонч билдириб, уларга катта имкониятлар тақдим этгани ҳам айни ҳақиқат. Рауф Инилеев, Миржалол Қосимов, Вадим Абрамов, Самвел Бабаян - бу мураббийлар бизни жаҳон чемпионатига олиб чиқишлари керак эди. Аммо ҳар доим нимадир етишмай қолаверди. Эҳ, Самвел Бабаян шогирдлари ЖЧ-2018 саралашининг охирги 2та учрашувида ғалаба қозониб, ниҳоят, катта мундиалга ҳам йўл очишсами, бу Мираброр Усмонов хизматлари учун олий мукофот бўларди. Ўйлаймизки, ЎФФ раҳбари шундай самарани кўришга мутлақо ҳақли!
Айтишларича, Мираброр Усмонов сентябрда ЎФФ раҳбарлигидан кетар экан. Ҳозир бу гап қай даражада ҳақиқатга мос келишини билмаймиз. Аммо шуни бемалол айтишимиз мумкинки, Мираброр ака чиндан ҳам, ЎФФдан кетган тақдирда, унинг ортидан улкан ишлар - катта боғ қолади. Ҳар ҳолда, Мираброр Зуфарович қабул қилиб олган даврдаги федерация ва ҳозирги ташкилот ўртасида ер билан осмончалик фарқ бор. Халқимизда ажойиб нақллар кўп. Улардан бири - «Яхшидан боғ қолади». Очиқ эътироф этиш керак, Мираброр Усмонов ҳам ўзидан худди шундай боғ қолдирмоқда. Балки у ҳали мевага тўлиқ кириб улгурмагандир, аммо муҳими - боғ бор, дарахт бор, ниҳол бор. Энди ҳамма гап шу боғнинг парваришига боғлиқ.
Ўз ўрнида, таҳририятимиз ва футбол аталмиш ўйиннинг чин фидокорлари ва мухлислар номидан юбилярни қизғин қутлаб, у кишига мустаҳкам саломатлик, оилаларига тотувлик ва ишларига муваффақият тилаймиз. 70 ёшингиз муборак бўлсин, Мираброр ака!
Умар БЕК
Манба: www.interfutbol.uz “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Ўзи чой дамлайди ва суҳбатлашади: дунёдаги биринчи “ақлли” чойнак тақдим этилди (видео)
Омега-3 қандай қилиб озишга ёрдам беради?
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
Хатолар ва мағлубиятлар... улар кечириладими?
Жо Байден: “Баъзан хотиним мени космосга жўнатиш билан таҳдид қилади”
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»