20:16 / 03.09.2017
4 804

Ҳасанбой Дўсматовга мактуб...

Ҳасанбой Дўсматовга мактуб...
Рио Олимпиадаси чемпиони ҳисобланган Ҳасанбой Дўстматов Германияда давом этаётган бокс бўйича жаҳон чемпионати финалида имкониятни бой берди. У финалда кубалик рақиби Ёаннис Аргилагосга 2:3 ҳисобида имкониятни бой берди. Бунгача Ҳасанбой Дўсматовни деярли барча жангларда ғолиб сифатида кўришга ўрганиб қолган мухлислар унинг ноҳақ мағлубиятини қабул қила олишмаяпти. Интернетда бу вазиятга қарши петиция ҳам бошланди.


Тақдир зарбаларини мардлик кунпаякун қилади (Демокрит)

Дўстим, омонмисиз? Сизни дўст аташга жазм этдим. Сабаби, ушоқдек гавда билан бутун дунё болалари, жумладан менинг фарзандимнинг ҳам қаҳрамонига айланган инсонни ўзимга рафиқ деб билишим мумкин бўлса керак.

Ўтган йили Рио олимпиадасидан кейин, ўзбекнинг миллионлаб болалари кўзида учқун кўрганмиз. Бу Ҳасанбой ва унинг дўстлари ёққан алангадан чўғ олган юракларнинг очундаги акси эди. Юрт байроғи остида тўққиз дақиқалик жангларнинг ҳосиласи – бутун бир миллат руҳиятини кўкларга кўтаришда намоён бўлса, не ажаб..

Кексалар ва ёшларнинг тилида бир гап айланганди, ўшанда - «Бўлар эканку?». Нега бўлмасин? Дунёда имкониятсиз иш йўқ. Қарангки, ўзбекнинг чекка қишлоғи бир четида улғайган йигит спорт оламига дарс бериши мумкин экан. Сиз буни исботладингиз. Мана энди қўлига яхши ният билан қўлқоп кийган ўн минглаб фарзандларимиз: «Ҳасанбой, Шаҳрам ва Фазлиддиннинг йўлини берсин», деган дуони олишяпти.

Қадимда мамлакатлар бир-бирига ўз қудратини кўрсатиш учун урушлар қиларди. Ҳозир инсоният ҳарқалай анча камолотга эришган. Энди, ўша кучли эканлигини кўрсатувчи беллашувлар, спорт майдонлари, ринг, татами ва фан кўчаларига кўчган. «Давлатинг кучли ва салоҳиятлими? Ана спортда, илмда исботла». Биламиз, жангда ҳийла ишлатадилар. Балки, ўша жойда кимнингдир манфаати роль ўйнагандир. Буниси энди бизга қоронғу.

«Ўзингники, ўзингга ой кўринади». Кеча атай, жангни қўшни давлат телевиденияси орқали кўрдик. Чет эл шарҳловчиси ҳам ҳар бир ҳаракатингизни алқаб, қойил қолиб: «Буюк боксчи мана бундай бўлади», «Ундан фақат ўрганиш мумкин», деб турганди. Ҳакамлар якунни эълон қилганида унинг қандай таажжубга тушганини сўз билан ифода этолмайман. Натижага рақиб мураббийларининг ҳам ҳайрон қолганига гувоҳ бўлдик.

Лекин, Ҳасанбой - боксчи сифатида ориятли, ҳамиятли, спорт медалларига «кўзи тўқ атлет» қандай бўлишини намоён қилди. Жирилламади, фиғон чекмади. Чунки, ким ютганини бутун дунё аҳли кўриб турган эди-да! Мана шу вазиятда ўзингизни хотиржам тутишингиз ҳам бошқаларга, ёшларимизга сабоқ бўлди.

Кеча ижтимоий тармоқларда бир дўстимиз, мусобақани ўз шафелигида ўтказган ташкилотга нисбатан петиция бошлади. Раҳмат шу йигитга! Чунки, дўст тарафини олиш, оғир дамда кўмак бериш лозим. Эҳтирослар жунбишга келган пайт эди, у.

Фикримча, Ҳасанбойнинг ёнини олиб, петиция ўтказишнинг кераги йўқдек. Нима қилса ҳам, тиши қонаганда душман олдида туфламаган аждодлар фарзандимиз.

Ҳасанбой сизга, жамоамизнинг яна икки вакили Исроил ва Бектемирга айтар сўзимиз бор: «Мардлар ютқазмайдилар. Мабодо, уларга тақдир синов берса, уни енгиб ўтишда ҳам ўрнак бўлишади».

Бир бор ёшларимизга дунёда ватанпарварлик, меҳнат ва шижоат кўрсатиб чемпион бўлиш мумкин эканлиги кўрсатган эдингиз. Энди мағлуб бўлса ўрнидан туриб яна курашиш қандай бўлишини кўрсатинг! Ана шунда фарзандлар сизлардан яна ўрнак олади. Бардам бўлинг йигитлар, ҳали ҳаммаси олдинда.

Барча бокс мухлислари номидан Элмурод Эрматов

Манба: kun.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Ҳасанбой Дўсматовга мактуб...