11:50 / 12.09.2017
4 539

Мираброр Усмонов ўрнига ЎФФга янги президент сайланди (репортаж)

Мираброр Усмонов ўрнига ЎФФга янги президент сайланди (репортаж)
Айни вақтда Radisson меҳмонхонасида тадбирга тайёргарлик ишлари давом этяпти.

Барча мутасаддилар шу ерда. Таъкидлаш жоиз, барча иш профессионал тарзда йўлга қўйилган. ФИФА ва ОФКдан келган меҳмонлар тадбирдан мамнун бўлиши турган гап. Хориждаги шунга ўхшаш маросимларда иштирок этган журналист сифатида буни бемалол таъкидлаш мумкин.

Uff.uz сайти ушбу саҳифа орқали конференциядан тезкор репортаж бериб боради. Узоқлашманг...

Ҳисобот сайлов йиғилиши учун ҳамма нарса шай. Юқоридаги суратда келтирилган мутасаддиларни таниган бўлсангиз керак. Сардор Раҳматуллаев ва Асқар Толибжонов нималарнидир қизғин муҳокама қилишмоқда.

Конференция бошланиши белгиланган соатдан, яъни, 10.00дан 3 дақиқа ўтиб кетди, аммо ҳозирча кутиш билан бандмиз. Бироз зерикарли...
Ҳамма жой-жойида ўтирибди. Фақат минбардагилар йўқ. Уларсиз бошлай олмаяпмиз :).

Соат 10.10 да кимдир микрофонда "бир, бир, икки, уч", деб санашни билишини мақтанди. Тайёргарлик маромида, бошлаб қолишса керак :).

Ниҳоят, Тошкент вақти билан соат 10.12да ЎФФ ҳисобот ва сайлов конференцияси бошланганини тантанали эълон қиламиз! Тадбир ЭтоО, Пуйол, Месси, Роналду ва бошқа юлдузларнинг Тошкентга келгани ва Сардор Раҳматуллаев билан расмга тушгани ҳақидаги фотолар намойиши билан бошланди.

Сардор Раҳматуллаев конференцияни "Ассалом алайкум", деб бошладику, лекин кейин ҳафсалани пир қилиб, рус тилида давом эттириб кетди. Хуллас камина хизматчингиз бугун ҳам тадбир ёритувчиси, ҳам таржимон сифатида хизматингизда бўламан...

10.15 Сардор Раҳматуллаев кун тартибидаги масалаларни кўриб чиққани ҳақида конференция иштирокчиларидан тасдиқ сўради. Ва йиғилиш протоколини маълум қилди. Ҳозирча расмиятчиликлар давом этмоқда. Бироздан кейин Мираброр Усмоновнинг нутқи бўлади. Уни тўлиқ етказишга ҳаракат қиламиз.

10.22 ЎФФ тафтиш қўмитаси раиси Г. Мусаев маъруза қилди. Айтишича, ҳаммаси жойида, ҳеч қандай молиявий камчиликлар аниқланмаган. Хуллас, конференцияни давом эттиришга ҳеч қандай тўсиқ йўқ...

10.28 Энди Бухоро футбол федерацияси раҳбари Мардон Тўрақўлдошев маъруза қилмоқда. Бухорода ҳам ишлар зўр эканини билиб оляпмиз.

10.30. Сўз Рўзиқул Бердиевга берилди. "Ассалом Алайкум. Бугунги кунда футболимизда ютуқ ва камчиликлар учраб турибди. Аммо футболимиз ривожланиб бормоқда ва бундан кейин ҳам ривожланишига ишончим комил. Бунинг учун бизда барча асос бор. Футболга давлатимиз томонидан катта эътибор қаратилмоқда. Халқимиз футболни жуда яхши кўради. Иқтидорли ёшларга эгамиз. Бу омиллар футболимизда катта ютуқларга эришишимизга умид қиламан.

Фурсатдан фойдаланиб сўнгги йилларда ЎФФда Мираброр Усмонов бошчилигида иш олиб борган барча мутасаддиларга миннатдорчилик билдираман. Ҳар бир вилоятда инфратузилма яхши томонга ўзгарди. Келажак учун қилинган бу ишлар самара беради, деб ишонаман. Шу боис барча мураббийлар номидан Мираброр Зуфаровичга улкан миннатдорчилик билдираман. Мираброр ака қилинган ишлардан бошини баланд кўтариб юриши мумкин.

Шу билан бирга янги раҳбарият бу ишларни давом эттириб, муваффақиятли ишлайди, деб умид қиламан".

10.32 Наримон Жалолов сўз бошлади. Анча гаплар айтди. "Мираброр Усмонов кўп ишларни амалга оширди. Бир вақтлар "Пахтакор"ни унинг ўзи боқар эди. "Тошкент" ресторанида овқатлантирган. Ҳозиргача боқади. Мираброр Зуфаровичнинг хизматларини эътироф этиш қийин. Аммо журналистлар, баъзи қўштирноқ ичидаги "дўстларимиз" кўп ёмон гапларни айтишди. МДҲ давлатлари орасида ким жаҳон чемпионатида иштирок этяпти?" деган гапларини алоҳида келтириб ўтишни маъқул кўрдик.

10. 42. Ниҳоят Сардор Раҳматуллаев ЎФФ президентлигига номзодни таништирди. Умид Аҳмаджонов - ЎФФ президентлигига номзод. Энди расман.

10.44 Мурод Алиев янги ЎФФ президенти ҳақида илиқ фикрлар билдирмоқда. "Умид Муҳаммаджонович 10 йилдан буён футболимизда ишлаб келади. Ҳамма билади, бу инсон футболимизга катта ҳисса қўшган. Мен Умиджон Муҳаммаджоновичга катта ютуқларга эришишини тилаб қоламан. Шахсан ўзим жуда хурсандман. Умид Муҳаммаджонович футбол соҳасида кўп устозларни кўрган. 90 йилларда бу инсон спорт қўмитасида ишлаган. Футбол бўйича яхши ўринларга кўтарилишимизга ишонаман. Раҳмат! Омад!"

10. 48 ЎФФнинг янги президенти - Умид Аҳмаджонов ҳам ўз фикрини билдириб ўтди.

"Ассалом алайкум. Авваломбор ишонч учун миннатдорчилик билдираман. Худо хоҳласа ўзбек футболини кўтаришга ваъда бераман. Халқимиз ишончини оқлаш учун бор куч билан ишлайман. Раҳмат!" - деди янги раҳбар.

Шундан сўнг ЎФФ вице президентлиги учун ҳам сайлов бўлиб ўтди. Яъни, номзодлар билдирилди ва бир овоздан сайланди.

Очилбой Раматов - ЎФФ вице президенти.
Пўлат Бобожонов - ИИВ вазири. ЎФФ вице президенти.
Шоакром Исроилов - ЎФФ вице президенти

10.54. Диққат! Мираброр Усмонов маърузаси бошланди:

Ассалом алайкум барчага. Ҳаммани кўриб тургандан мамнунман. Бундай учрашувлар кам бўлади. Ҳозир футбол ўсаётгани ҳақида кўп гаплар бўлди. Аммо камчиликлар ҳақида ҳеч ким ҳеч нарса демади. Аввало мени ЎФФ раҳбарлигига таклиф этганига мана 12 йил бўлди. Қурилган стадионлар, шарт шароитлар, буларнинг барчаси менинг хизматим эмас. Бу аввало Ўзбекистон Республикаси биринчи Президенти Ислом Каримов ва ўша вақтларда Бош Вазир лавозимида бўлган Шавкат Мирзиёевнинг хизматларидир.

Мен 2006 йилда келганимда айтган эдим: "Мендан ҳеч нарса кутманглар. Мендан жаҳон чемпионатига олиб чиқишни сўраманглар. Буни ваъда бера олмайман. Саккиз, ўн йилдан сўнг жаҳон чемпионатига чиқиб, нимадир кўрсатишимиз мумкин. Бизда пойдевор йўқ", деган эдим. Ҳукуматимиз спортга катта эътибор қаратмоқда. Энди спортчиларимиз ғолиб чиқса, бир умр маош олади. Осиёда кимга шундай шароит яратиб берилмоқда?

Бизнинг мақсадимиз нима? Чўққиларга чиқиш ҳали насиб этади. Бизнинг ҳозирги мақсадимиз эса - соғлом авлод қолдириш. Агар ўзимиздан соғлом авлод қолдирсак, Давлатимиз келажаги ҳам порлоқ бўлади.

Мана ҳозир ЎФФга янги раҳбар сайланди. Уларга катта омад тилайман. Дуо қиламиз, ўз олдига қўйилган мақсадга эришсин. Янги раҳбариятга маслаҳатим - ҳеч қачон танқиддан қочманглар. Ишламаган одамни биров эсга ҳам олмайди, танқид ҳам қилмайди.

Аммо танқид ҳам ҳар хил бўлади. Юзта танқид бўлса, шундан 20 таси тўғри бўлади. Мана шу ерда журналистларимиз ҳам ўтирибди. Улар вақтида бизни тергаб туришди, ўз фикрларини беришди. Биз уларга эътибор бердик. Демак спортнинг ривожланишида журналистлар ва мухлисларнинг ҳам катта хизмати бор. Шунинг учун танқид яхши нарса. Ундан қочмаслик ва унга эътибор бериш керак.

Албатта ҳар бир одамнинг ўзига яраша армони бўлади. Мен ҳам бир армон билан кетяпман. Шу жаҳон чемпионатига чиқсак ҳам ёмон бўлмас эди. Ўйлайманки кейинги 4 йилда албатта Ўзбекистон терма жамоаси жаҳон чемпионатига чиқади ва у ерга борганда бизни уялтириб қўймайди.

Ҳаммага омад тилайман. Ўйлаб қўйган ниятингиз рўёбга чиқсин. Соғ бўлинглар.

Тадбир охирида Мираброр Усмоновга одатимиз бўйича зарбоф тўн кийдирилди. Шу билан Ўзбекистон футбол федерациясининг ҳисобот ва сайлов йиғилиши якунига етди.

Ҳаммаси учун раҳмат!

Манба: www.uff.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Мираброр Усмонов ўрнига ЎФФга янги президент сайланди (репортаж)