21:34 / 17.01.2018
3 586

Менежер Олег Богданов: "Шоҳжаҳон йил сўнггида чемпионлик камари учун жанг қилади"

Менежер Олег Богданов: "Шоҳжаҳон йил сўнггида чемпионлик камари учун жанг қилади"
Аввал хабар берганимиздек, енгилмас боксчимиз Шоҳжаҳон Эргашев АҚШда мезбон боксчи Сони Фредриксонга қарши 12 январь куни жанг олиб борди ва фаолиятидаги муҳим ғалабага эришди.

Ушбу ғалабадан сўнг www.AllBoxing.Ru интернет портали Шоҳжаҳоннинг менежери Олег Богданов билан суҳбатлашди. Унда Олег Богданов истеъдодли боксчимизнинг кейинги режалари ҳақида гапириб ўтди.

“Шоҳнинг биринчи жангидан кейин у метин ҳимояли ва жуда қаттиқ зарбага эга бўлган боксчи эканлиги ойдинлашди, – деди Богданов. – Унинг Уралда Денис Шафиков ва Костя Пономарёв билан ўтказилган спарринг жангларидан кейин мен нафақат оғир зарба билан курашувчи, балки яхши тайёрланган, рақиблари учун ноқулай бўлган ҳамда психологик жиҳатдан барқарор спортчи деб ҳисоблай бошладим. Шундан сўнг мен уни АҚШда бўлиб ўтадиган мусобақаларда иштирок этиши кераклигини тушундим ва унга океан ортидан промоутер қидирдим. У ердаги энг яхши таклиф Дмитрий Салита эди. Шоҳ унинг Россиядаги промоутерлик компанияси аъзоси сифатида бир йил давомида жангларда иштирок этди. Америка визасини олгандан сўнг, Детройтга америкалик боксчиларни мағлуб этиш учун йўл олди.

Дмитрий Салита ва унинг жамоаси олқишга лойиқ, – дея менежер гапини давом эттирди. – Улар Шоҳжаҳонга идеал шарт-шароитлар яратиб беришди: Алоҳида уй, ошпаз, тикланиш учун керак бўладиган воситалар ва энг яхши спарринг ҳамкорларни муҳайё қилишди. Эргашев ҳам таҳсинга лойиқ, мураббийи Шунар Хилл Стюарднинг барча топшириқларини ўзини қийнаб бўлсада бажарди."

"Шоҳ учун Сонига қарши ўтган жанг жуда муҳим эди, - деди Богданов. – Ушбу жангда у Сони Фредриксон устидан ғалаба қозонибгина қолмай, “Showtime”нинг “ShoBox” эфирда ўзини ҳар тарафлама яхши кўрсатди. Бу жуда керак эди. Шоҳжаҳонга ҳозирда HBO ва “Showtime” таклиф билан чиққан. У эса энг яхши бир таклифни қабул қилиши мумкин. Айтганча, Шоҳни Эдвин Валеро билан таққослаган америкалик шарҳловчиларга қўшиламан. Ҳақиқатдан ҳам ўзбек боксчиси у каби услуб ва бир хил харизмага эга. Унинг кейинги жанги апрель ойида ўтказилиши режалаштирилган ва йил охирида Шоҳ чемпионликка асосий даъвогар сифатида жанг ўтказади."

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Менежер Олег Богданов: "Шоҳжаҳон йил сўнггида чемпионлик камари учун жанг қилади"