21:12 / 25.01.2018
4 496

Раматов: «Сколари ўзбек футболига ҳеч нарса бермаган, Ривалдо эса пулини ололмаган»

Раматов: «Сколари ўзбек футболига ҳеч нарса бермаган, Ривалдо эса пулини ололмаган»
Ўзбекистон футбол Ассоциацияси раҳбари Очилбой Раматовнинг таъкидлашича, ўз вақтида «Бунёдкор»га катта маблағлар сарфлаб олиб келинган бразилиялик мутахассис Луис Фелиппе Сколари ўзбек футболига ҳеч нарса бермаган.

Очилбой Раматов катта мураббийлар тезда натижа бермаслиги, ўзгаришлар босқичма-босқич амалга оширилган ишлар эвазига бўлиши ҳақидаги фикрларини билдириб ўтган.

«Мураббий икки ойда ҳеч нарса қилиб бера олмайди. Қанчалик зўр бўлса ҳам. Ҳеч ким бирдан кўтара олмайди. Энг зўри бўлсаям. Улар ҳам оддий одам.

Бизнинг оғайнилар олиб келганди Сколарини. У нима берди? Қандай натижа? Бизни бутун дунёга танитдими?

Ривалдо иккиси 55 миллион еврони олиб кетди. Жамоа Ривалдо билан ҳалиям судлашиб юрибди. 10 миллион евро олган, яна шунча берасан деган.

Бизникилар тўғри шартнома қила олмаган. Ҳали иш судда», дея Раматовнинг сўзларини келтиради Kun.uz.

Эслатиб ўтамиз, бразилиялик собиқ футболчи Ривалдо 2008-2010 йилларда Тошкентнинг «Бунёдкор» жамоаси сафида тўп сурганди. 2010 йилда «Бунёдкор»га ҳомийлик қилган Zeromax компанияси банкротлик эълон қилгач, «Бунёдкор» футболчи билан шартномани бекор қилишга мажбур бўлганди. Sportingintelligence нашри маълумотига кўра, унинг жамоадаги йиллик маоши миқдори 8 миллион евро атрофида бўлган.

Кейинроқ Ривалдо «Бунёдкор»да молиявий муаммолар 2009 йилнинг кузида бошлангани ҳақида айтиб ўтган. Унинг айтишича, у клубга ишонишда давом этган ва ўзига маоши тўланишини кутган.

«Мен бу клубга ўз пулларимни ҳам сарфлашга мажбур бўлдим. Вазият шуни тақазо этдики, Ўзбекистондаги уйимга клубда ўйнаш учун келган бразилиялик футболчиларни жойлаштиришга мажбур бўлдим. Чунки Zeromax уларнинг меҳмонхонаси учун пул бера олмади», дея эслаган футболчи.

Натижада Ривалдо 2010 йилда Тошкентни тарк этишга мажбур бўлади. Ўшанда у билан бирга жамоани 2009 йилда «Бунёдкор»га келган Луис Фелипе Сколари ҳам тарк этганди.

Сколарига «Бунёдкор»га келишни айнан Ривалдо таклиф қилганди. ОАВ маълумотига кўра, унинг йиллик маоши миқдори 10 миллион еврони ташкил қилган. «Бунёдкор» Сколари билан Ўзбекистон чемпионатида ғолиб бўлган, аммо Осиё Чемпионлар лигасида муваффақиятсиз иштирок этганди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Раматов: «Сколари ўзбек футболига ҳеч нарса бермаган, Ривалдо эса пулини ололмаган»